Ўзбекистон | 09:18 / 18.09.2019
8283
2 дақиқада ўқилади

Элёр Ғаниев Софияга борди. Ўзбекистон Болгариядан қатор маҳсулотлар импорт қилишдан манфаатдор экани таъкидланди

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Элёр Ғаниев бошчилигидаги делегация София шаҳрида бўлиб ўтган иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Болгария-Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг бешинчи сессиясида иштирок этди.

Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Элёр Ғаниев савдо соҳасида амалга оширилмаган салоҳиятга эътибор қаратди ва Ўзбекистон Болгариядан фармацевтика, кимё саноати, технология, қишлоқ хўжалиги соҳаларида юқори сифатли маҳсулотларни импорт қилишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Болгария ва Ўзбекистон ўртасидаги товар алмашинуви сўнгги йилларда ўсиб бормоқда, 2018 йилда эса 2017 йилга нисбатан 1,3 %га ошди ва 20 миллион АҚШ долларига етди.

Ташриф давомида Болгария илмий-техник ва бизнес доиралари вакиллари билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва илмий-техник соҳадаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш бўйича учрашувлар ва музокаралар ўтказилди.

Болгария фанлар Академияси (БАН) қошидаги қўшма инновация маркази директори Марин Пандев билан учрашув доирасида ҳар бир томонни ўз қисми бўйича молиялаштириш режалаштирилган қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Болгария томонига ўзбек олимлари учун амалиёт курсларини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш таклиф қилинди. БАН раҳбарияти томонидан ижобий қарор қабул қилиш якунларига кўра, ушбу йўналишда ҳамкорликни ўрнатишдан манфаатдор экани, БАН қошидаги қўшма инновация маркази ва ЎзР Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ўртасида тажриба алмашиш фаоллашади.

Болгариянинг кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш агентлиги Ижрочи директори ўринбосари Яна Топалова билан музокаралар чоғида фикр алмашилди, инновацион экотизимни ривожлантириш ғоялари муҳокама қилинди. 

Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Азимжон Назаров Агентлик раҳбариятини октябрь ойининг охирида бўладиган «INNOWEEK 2019» - инновацион ғоялар ҳафталигида иштирок этиш учун Тошкентга таклиф қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид