Ўзбекистон | 10:48 / 19.09.2019
1732
3 дақиқада ўқилади

БМТ махсус вакили: «Элементар хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ЙТҲ сонини камида 2 бараварга қисқартиради»

Фото: “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати офисида БМТнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича махсус вакили Жан Тодт ва ННТ, хусусий сектор, ёшлар ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги учун масъул тузилмалар вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабарига кўра, БМТнинг махсус вакили бутун дунёда кузатилаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги муаммоларига урғу қаратди. Йўл-транспорт ҳодисалари ҳар йили дунё бўйлаб 1,35 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлиб, 50 миллион кишининг турли даражадаги жароҳатланишига олиб келяпти. Йўл-транспорт жароҳатлари болалар ва ёшлар ўлимининг асосий сабабидир. Бу муҳим ижтимоий ва иқтисодий оқибатларга олиб келади. Кўпгина мамлакатларда иқтисодий зарар ЯИМнинг 5 фоизига етади.

Жан Тодтнинг сўзларига кўра, муаммонинг асосий сабабларидан бири бу йўлда ҳайдовчилар томонидан содир этиладиган бир қатор элементар қоидабузарликлар: ҳаракат давомида тезликни ошириш, хавфсизлик камарларини тақмаслик, маст ҳолда автомобиль бошқариш, SMS-хабар юбориш ва телефон орқали мулоқот қилиш. Бундай вазиятларни бартараф этиш ва хавфсизликнинг оддий қоидаларига риоя қилиш йўл-транспорт ҳодисалари сонини камида икки баробар қисқартиради. Шу муносабат билан, ҳаракат иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузишнинг салбий оқибатлари тўғрисида кенг маълумот бериш орқали уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш муҳимдир.

Учрашув давомида масалага комплекс ёндашув муҳимлиги таъкидланди. Ушбу масаланинг миллий даражадаги жавобгарлиги ҳукуматга юклатилган, чунки уларда қонунчилик базасини ўзгартириш учун зарур воситалар мавжуд, аммо жамоатчилик гуруҳлари ва ёшлар ҳам жамиятнинг турли қатламларини йўллардаги қоидалар ва хавфсизликка риоя қилишга ундаш бўйича муҳим роль ўйнайди. 

Маълумот учун: Жан Тодт махсус элчи сифатида БТМга аъзо давлатларга ташриф буюриб, манфаатдор томонлар билан йўл ҳаракати хавфсизлиги масалаларига қатъий сиёсий эътибор қаратиш, шунингдек кўпроқ саъй-ҳаракатлар ва тегишли молиялаштиришни рағбатлантириш мақсадида юқори даражадаги мулоқотлар ўтказади.

Бундан олдин, Ўзбекистонда 100 минг фуқарога ЙТҲ туфайли ҳалок бўлган неча киши тўғри келиши маълум қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид