Куни кеча Kun.uz «Ишчи ўрни кўпайиш ўрнига камайиб кетмоқда» – Марғилондаги тадбиркорлар муаммо ичида» сарлавҳали мақола эълон қилган эди. Унда Марғилон шаҳар Надирмат МФЙ ҳудудида жойлашган кичик саноат зонасидаги коммуникация тизими муаммолари ёритилган, тадбиркорларнинг эътирозлари баён этилганди.
«Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ матбуот хизматидан маълум қилишларича, мазкур масала жойига бориб ўрганилган ва тадбиркорлар билан суҳбат қилинган.
Расмий ахборотга кўра, саноат зонасига электр таъминоти аҳоли учун мўлжалланган узатмадан уланган. Зонага 2,1 км узунликдаги алоҳида юқори қувватли электр тармоғини тортиш 150,2 млн сўмга, бир дона 630 кВАли трансформатор пункти ўрнатиш 150,0 млн сўмга тушади.

Маълум қилинишича, кичик саноат зонаси ҳудудига алоҳида электр симини тортиш ва трансформатор ўрнатиш 2020 йилнинг иккинчи чорагида амалга оширилади.
«Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 августдаги 672-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган кичик саноат зонасида электр энергия етказиб бериш мақсадида 250 кВАли трансформатор пункти мукаммал таъмирланиб, унга қўшимча равишда қуввати 630 кВА бўлган трансформатор пункти ўрнатилган. Бироқ, ёз ойларида энерготизимда қувват танқислиги вужудга келиб, истеъмол меъёри ортиб кетган вақтларда, тизимда автоматик узиб–улаш амаллари (юкламани автоматик тарзда пасайтириш қурилмаси) бажарилган ва бунинг натижасида саноат зонасини электр энергияси билан таъминловчи узатмада қисқа муддатли узилишлар содир бўлган.

Тадбиркорлар билан суҳбатда, ҳозирги кунда энергия барқарорлиги таъминланиб, электр таъминоти узлуксиз етказиб берилаётганлиги билдириб ўтилди. Лекин, тадбиркорлар томонидан саноат зонаси аҳоли узатмасидан таъминланганлиги боис, куз–қиш мавсумида электр таъминотида вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш мақсадида, алоҳида узатма ажратган ҳолда электр энергияси етказиб берилса, ишлаб чиқариш лойиҳаси режаларини бажаришга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган муаммолар ижобий томонга ўзгаришини таъкидлаб ўтишди.











