15 октябрга ўтар кечаси – Чемпионлар лигаси тарихидаги энг сермаҳсул оқшом бўлди. 9 ўйинда жамоалар жами 46 гол уришди: бир ўйинга ўртача 5 та гол.

Винисиусда яна ёмон ўйин

«Рома» – «Реал» 3:4
Голлар: де Рон, 20 (1:0). Мбаппе, 25 (1:1). Мален, 51 (2:1). Мален, 57 (3:1). Эспи, 82 (3:2). Эндрик, 85 (3:3). Рюдигер, 90 (3:4)
«Рома»: Голлини, Н`Дика, Эрмосо (Кулиеракис, 81), Манчини (Балерди, 64), де Рон, Коне (Пизилли, 17), Уэсли Винисиус, Молина, Соуле (Пеллегрини, 64), Мален, Дибала (Мора, 46)
«Реал»: Куртуа, Конате, Рюдигер, Кукуреля (Каррерас, 78), Дюмфрис (Арда Гулер, 59), Валверде, Тчуамени (Бернарду Силва, 70), Беллингҳэм, Винисиус Жуниор (Эндрик, 59), Диоманде (Эспи, 79), Мбаппе
Огоҳлантиришлар: Манчини, 60. Уэсли Винисиус, 69. Пеллегрини, 89 – Каррерас, 90

Жозе Моуринио том маънода носталгия турнесини ўтказмоқда. У биринчи турда собиқ жамоаси «Интер»га қарши ўйнаганди. Энди эса яна бир қадрдон жамоаси «Рома» майдонида меҳмон бўлди. Мезбон жамоа мухлислари эса уни баннерлар билан қарши олишди. Бу Мбаппе учун ҳам ўзига хос ўйин эди, у шу куни Мессининг рекордини янгилаб, асосий еврокубокда 100 та ўйин ўтказган энг ёш футболчига (27 ёшу 298 кунлик) айланди. Шунингдек, Винисиус ҳам диққат марказида эди. Шу куни ла лига раҳбарияти бразилиялик футболчини «Вилярреал»га қарши ўйиндаги ҳаракати учун тўрт ўйинга дисквалификация қилгани эълон қилинди ва у энди маълум вақт фақат еврокубок ўйинларида майдонга тушиши мумкин эди.

Етти йиллик танаффусдан кейин ЕЧЛга қайтган римликлар эса ўйинни кўтаринки руҳда бошлашди ва Куртуга кетма-кет иш топиб бера бошлашди. Белгиялик посбон аввалига Эрмосонинг бурчакка йўналтирган зарбасини қайтарди, аммо мезбонларнинг навбатдаги ҳужумида Де Роннинг зарбасидан кейин юзага келган рикошет дарвозабонни иложсиз аҳволда қолдирди. Беш дақиқа ўтиб эса мезбонлар дарвозабони ҳам шундай ҳолатга тушди ва Мбаппе ҳисобни тенглаштирди.

Иккинчи бўлимда эса Винисиус антиқаҳрамонга айланди. У майдон марказида товони билан пас беришга уриниб, тўпни олдирди, тезкор бошланган қарши ҳужум эса Мален дарвозани ишғол этиши билан якунланди. Бироз ўтиб нидерландиялик ҳужумчи яна бир қарши ҳужумда дублни расмийлаштирди.

Шундан кейин Моуринионинг сабри тугади ва Винисиусни 59-дақиқадаёқ ўйиндан олиб ташлади. Майдонни тарк этаётганида эса бразилиялик вингер мураббийлар штабига очиқ норозилик намойиш этди. Аммо айнан унинг ўрнига тушган Эндрик ўйинни ўзгартириб юборди. Мадридликлар сафидаги энг паст бўйли футболчилардан бири саналган ҳужумчи икки бор бурчак жаримаси вақтида бош билан зарба йўллади, биринчисида дарвозабон қайтарган тўпни Эспи барибир дарвоза тўрига киритди, иккинчисида гол Эндрикнинг ўз номига ёзилди.