Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 17 сентябрь куни саноатни жадал ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланган танқидий руҳдаги видеоселектор бўлиб ўтган эди. Бугун, 18 сентябрда мазкур видеоселекторда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги мажлислар залида ОАВ вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Вазир ўринбосари Ўктамжон Каримов ва қатор мутасаддилар иштирокида ўтган бу тадбирда маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, импортни қисқартириш чораларини кўриш бўйича йўл қўйилаётган камчиликлар, қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Ўктамжон Каримов

«Жорий йилнинг ўтган саккиз ойи давомида ташқи савдода салбий сальдо 3,8 млрд АҚШ долларига тенг бўлди. Демак маҳаллийлаштириш масаласи жуда муҳим. Албатта, ҳеч бир давлат импортга бутунлай барҳам бера олмайди ва бундай мақсад кўзланмаган ҳам. Лекин шу билан бирга ўз саноатимизни ривожлантиришимиз керак.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш доирасидаги энг катта имтиёзимиз – маҳаллий бозорнинг ўзи. Ўзаро ички кооперацияни тўғри йўлга қўйиш, шаффоф механизмларни яратиш орқали анча валютани тежаб қолишимиз мумкин. Бундан ташқари яна 20 фоизгача преференциялар берамиз. Шунингдек, кичик саноат зоналаридаги ишни тўғри ташкил қилишимиз керак», – деди Каримов.

Вазир ўринбосари журналистнинг: «Кичик саноат зоналари коммуникациялар билан боғлиқ муаммоларга дуч келишмоқда. Куни кеча ёритилган Марғилон шаҳрида ташкил этилган кичик саноат зонасида фаолият юритувчи бир гуруҳ тадбиркорларнинг шикоятлари бунга мисол бўла олади. Тадбиркорлар бу муаммолар ҳал бўлмай туриб ўз зиммаларига олган масъулиятни, яъни инвестиция киритиш, ишчи ўринлари яратишни қандай қилиб бажаришлари мумкин?», деган саволига қуйидагича жавоб берди.

«Кичик саноат зоналари бўйича ҳар бир вилоят, ҳар бир туман бўйича алоҳида ўрганиб чиққанмиз. Тан олиш керак, муаммолар бор ва улар жуда жиддий. Чунки бу зоналарга барча коммуникациялар етказиб берилиши керак. Аммо вилоятларда, ҳудудларда маблағ тақчиллиги бор, шу туфайли ишлар кўнгилдагидек кетмаяпти.