Ўзбекистон | 00:01 / 19.09.2019
54551
3 дақиқада ўқилади

«Қонунчилигимиз «бардак» аҳволга келиб қолган» ─ Танзила Норбоева

Фото: KUN.UZ

18 сентябрь куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 58-сессияси бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳрида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш масаласи кўрилди. Сессияда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ҳам иштирок этди. 

Сессияда нутқ сўзлаган Сенат Раиси депутатлар олдига икки вазифани қатъий белгилаб қўйди.

“Бизнинг қонунчилигимиз “бардак” аҳволга келиб қолган. Жамият учун керакли қонунлар қабул қилинади. Лекин кейин бирон-бир вазирлик ёки идора қонуности ҳужжатини шунақа “чиройли” ишлаб чиқадики, натижада ўша қонун ишламайди. Ижро масаласида ўзларининг ички қарор ва буйруқларини рўкач қилиб олишади. Бир-бирини инкор қиладиган қонунлар ҳам жуда кўп. Керак бўлса, бундай қонунларнинг ҳаммасини бекор қилиб, битта яхлит кодекс ҳолига келтириш керак. Қонунларни ишлаб чиқишда ҳаволаки нормаларга мутлақо ўрин қолдирмаслигимиз лозим. Булар олдимизда турган бирламчи вазифа. Иккинчи вазифа, қонунлар қабул қилинаверади, лекин улар ишламаса, оддий қоғоздан заррача фарқи йўқ.

Маҳаллий кенгашлар қонунларнинг жойлардаги ижросини назорат қилиши лозим. Қонунларнинг ҳудудлардаги татбиғи бўйича маҳаллий кенгашлар ўз дастурини ишлаб чиқиши керак. Масалан, яқинда гендер тенглиги тўғрисида жуда яхши бир қонунни қабул қилдик. Шу бўйича қандай ишлар қилдингизлар? Ишончим комил, ҳалигача бу қонун бўйича биронта дастур ишлаб чиққанингиз йўқ”, ─ дея депутатларга мурожаат қилди Танзила Норбоева.

Шунингдек, Сенат Раиси маҳаллий кенгаш депутатларини ижро идоралари фаолияти устидан назоратга чақирди. 

“Давлат раҳбари келса, вазирлар планшетларни қаторлатиб қўйиб, зўр ваъдалар беради, зўр интервьюлар беради. Лекин давлат раҳбари кетгач, улардан дарак ҳам йўқ. Айтилган ваъдалар ваъдалигича қолиб кетади, эсдан чиқади. Ёки яна Президент келадиган бўлиб қолса, югуриб келиб, сизларнинг ўзларингизга ҳамма ишни қилдиради. Вазирларни олиб келтириб, ҳисобот сўранглар, ижрони талаб қилингалар. Айтилган ишни қилсин, уддасидан чиқа олмаса, нега қилолмаслигини тушунтириб, ёзиб берсин. Талаб этилса, уларга ишончсизлик вотумини билдиришимиз ҳам мумкин. Вотум билдириш ваколатини балки маҳаллий кенгашларга ҳам берармиз, шунда уларнинг кучи билинади”, ─ дея таъкидлади Норбоева.

Шунингдек, Танзила Норбоева халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ваколатларини кенгайтириш, депутат сўрови билан бирга кенгаш сўрови амалиётини жорий қилиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Мавзуга оид