Жамият | 12:50 / 21.09.2019
13723
2 дақиқада ўқилади

Баъзи жойларда жаноза куни рўзғорда йўқ бўлса ҳам жонлиқ сўйилиши одат бўлган – Мусулмонлар идораси вакили

20 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг биринчи мажлиси ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси масжидлар бўлими бошлиғи Муҳаммадназар Қаюмовнинг таъкидлашича, тўй-ҳашамлар, оилавий маросимлар бўйича қабул қилинган қатъий қарорни аҳолининг катта қисми ижобий қабул қилган.

«Ижро масаласида эса ҳар бир ҳудуднинг маросим ўтказиш бўйича ўзига хосликларини инобатга олиш зарур. Комиссиялар ҳудудларга борганда мана шу жиҳатни ўрганиб қайтишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Масалан, ҳозир Қорақалпоғистон Республикасидан қўнғироқлар бўляпти. Биздаги маълумотга кўра, ҳудуднинг баъзи жойларида жаноза куни рўзғорда бор-йўқлигига қарамасдан битта жонлиқ сўйилиши зарур. Бундан ташқари, ҳар бир вафот этган шахсга алоҳида тобут ясаш ва уни қабристонда қолдириш одати мавжуд», дея маълумот берди Муҳаммадназар Қаюмов.

Мусулмонлари идораси мачитлар бўлими бошлиғининг сўзларига кўра, мана шунга ўхшаш турли одатларнинг алоҳида рўйхатини шакллантириш орқали  уларнинг йўқотилишига тезроқ эришиш имкони бўлиши мумкин.

«Имом-хатибларимиз тушунтириш ишларида ҳамма нарсани чиройли етказиб беришга қодир. Одамлар ҳам уларга қулоқ солади.

Агар ҳозир Республика бўйича 2065та масжид бўлса, бу - 2065 нафар имом деганидир. Қўшимча 2 нафардан ноибни ҳам ҳисобласак, 7 минг нафарга яқин диний арбобларимиз бор», дея маълумот берди Муҳаммадназар Қаюмов.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг 2002 йил қабул қилинган тўй-маъракалар ва уларнинг меъёри тўғрисида қабул қилинган алоҳида фатвосига ҳам ўзгартириш киритилиши мумкин. 

Мавзуга оид