Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ташкил этилди.
Белгиланишича, 2020 йил 1 январдан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, мулкчилик шаклларидан қатъий назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолиятида шаклланадиган бошқарув (иш юритиш)га оид, илмий-техникавий ва бошқа ҳужжатларнинг архив сақловига топширилишида ҳамда ўрнатилган тартибда йўқ қилинишида уларнинг электрон ва Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ҳужжатларининг суғурта нусхалари талаб этилади.
Агентлик:
а) 2020 йил 1 июнгача Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда давлат архивларида сақланаётган тарихий давр (1917 йилгача) архив ҳужжатларини ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқариш бўйича чораларни кўради;
б) 2020 йил 1 июнгача Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда қуйидаги давлат хизматларини Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилишини жорий қилади:
ўқиганликни тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш;
иш стажини тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш;
иш ҳақини тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш;
араб алифбосида яратилган туркий, форсий ва арабча ҳужжатлардаги ахборотлар бўйича аннотация маълумотларини тайёрлаб бериш;
архив ҳужжатлари, китоблар ва қўлёзмаларни рақамлаштириш (электрон нусха олиш);
в) уч ой муддатда:
доимий сақловга олинадиган ҳужжатлар таркибини оптимизация қилиш;
Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисмини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлар рўйхатини қисқартириш;

















