Ўзбекистон Республикаси президенти “Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигининг:

Қурилиш вазирлиги фаолиятига “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини жорий этиш ва уни 2020 йил 1 июнга қадар Тошкент вилоятида марказлаштирилган молиялаштириш манбаларидан, шу жумладан, инвестиция лойиҳалари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар қурилиши жараёнида тажриба тариқасида ишга тушириш;

тажриба натижаларига асосан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида реал вақт режимида ишлашини таъминлаш;

б) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2020 йил 1 мартга қадар давлат шаҳарсозлик кадастрини юритиш ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатлари ва маълумотларини жамоатчиликка онлайн режимда тақдим этиш имконини берувчи “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизими (геопортал)ни ишлаб чиқиш ва тест режимида ишга тушириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Қуйидагилар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • объектларнинг манзилли дастури, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган объектларнинг йиллик манзилли рўйхати шакллантирилишини, маълумотлар базасини янги қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш объектлари бўйича турларга бўлиб юритилишини таъминлаш;
  • объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда ҳудудий ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялари томонидан лойиҳаолди ишларининг амалга оширилиши, буюртмачи билан лойиҳа ташкилоти ўртасида шартнома тузилиши ва аванс маблағлари ажратилиши ҳамда ишлар тугалланганлиги тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотларнинг мунтазам электрон базага киритиб борилиши ва юритилишини таъминлаш;
  • лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда буюртмачи ва экспертиза ташкилоти ўртасида тузилган шартномалар, кўрсатилган хизматларнинг молиялаштирилганлиги, тугалланган лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизадан ўтказилганлигига оид электрон маълумотлар базасини шакллантириш;