Нур-Султонда ўтган жаҳон чемпионатининг сўнгги кунида эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Олимжон Ҳикматов мусобақа борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири Қозоғистон пойтахтидан хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон биринчилигида ўзбекистонлик эркин курашчилар битта бронза ва битта олимпия лицензияси билан чекланишди. Иккала ютуқ ҳам Ҳасанбой Раҳимовга тегишли.

Ҳасанбой Раҳимов (ўнгда)

Очколар бўйича умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон термаси 8-ўринни эгаллаб, 10 йил ичида илк марта Жаҳон кубоги йўлланмасини қўлга киритди.

«Албатта, Жаҳон чемпионатидан бироз яхшироқ натижа кутгандик. Битта медаль ва битта лицензия олдик, аммо 1-2та медаль ва 2-3та лицензияга умид қилгандик», – деди терма жамоа устози Олимжон Ҳикматов.

Мураббий жамоа етакчиларидан Бекзод Абдураҳмонов ва Магомед Ибрагимовнинг совринсиз қолганини таъкидлаб ўтди.

«Эркин кураш бўйича асосий спортчиларимиз – -74 ва -97 кг вазн тоифаларидаги вакилларимиз медаль ола олишмади. -125 килограммда эса эллик фоиз ишончимиз комил эди – якунда ягона лицензияни Ҳасанбой Раҳимов қўлга киритди.

Магомед Ибрагимов ҳам жуда яхши жанг қилди. Америкалик рақибга ютқазиб қўйди. Агар америкалик спортчи ярим финалда ғалаба қозонганида эди, Магомед Ибрагимовда лицензия олиш имконияти бўларди. Менимча, у бу имкониятни қўлдан чиқармаган бўларди», – деди Ҳикматов.

Бекзод Абдураҳмонов

Шунга қарамай, эркин курашчиларда ҳали Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш имконияти бор. Улар 2020 йил баҳорида саралаш турнирлари орқали лицензия олишлари мумкин.

«Бекзод Абдураҳмонов ва Магомед Ибрагимов Осиё ёки жаҳон миқёсидаги саралаш турнирлари орқали лицензия олишади, деб умид қиламан. Март ойи охирида Хитойда Осиё бўйича, апрель охирида Болгарияда эса жаҳон бўйича саралаш мусобақаси ўтказилади. Абдураҳмонов ва Ибрагимов – жамоамиз етакчилари, улар бу турнирлар орқали йўлланма олишларига ишонаман.