Санкт-Петербургдан Наманганга парвоз қилган самолёт Ўзбекистон фуқаросининг ўзини ёмон ҳис қилиши туфайли Самара аэропортига қўнишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Куйбишев транспорт прокуратураси хабар берди.
Хабарда айтилишича, Санкт-Петербург – Наманган йўналишида У6 2509 рейси билан парвоз қилаётган самолёт Курумоч халқаро аэропортида мажбурий қўнишни амалга оширган.
"Мажбурий қўниш сабаби – 1988 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси, гипертония хасталиги бўлган аёлнинг ўзини ёмон ҳис қилиши", - дейилади хабарда.
Прокуратуранинг хабарига кўра, аёлга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган ва шаҳардаги касалхоналардан бирига ётқизилган. Самолёт яна учиб кетган.












