Наманган вилояти марказидан йўлга чиқиб, Тўрақўрғондан ўтсангиз, Чуст тумани бошланади. Чапга қайрилиб, яна узоқ йўл юриб кейин йўлнинг ўнг томонидаги адирликлар аста-секин, ўсиб-ўсиб тоғларга айлана бошлайди. Демак, Попдасиз.

Поп тумани марказидан 30-40 километр узоқликдаги аҳоли Парда Турсун қишлоғи, деб атовчи, «Имом ота» МФЙ томон бориб, ярим йилдан бери ўз муаммоларини аризалар ва суратларга олиб жўнатаётган аҳоли вакиллари билан учрашишимиз керак эди.

Парда Турсун қишлоғи, яъни «Имом ота» МФЙга яқин ҳудудда - «Маданият», «Чоркесар» ва «Бунёдкор» маҳалла фуқаро йиғинлари мавжуд. Бу тўртта маҳаллани аҳоли умумий номда Парда Турсун қишлоғи деб атайди. 

Ёзувчи Парда Турсун мана шу ҳудуддаги Чоркесар маҳалласида дунёга келган ва ушбу ҳудудга кейинчалик унинг номи қўйилган.

Қишлоқлар тоғ олдига жойлашгани, баҳаволиги, сўлим табиати сабаб, баҳор ва ёзда водий аҳолиси энг кўп дам олгани келадиган жойлардан бири саналади. Бир сўз билан айтганда – туристик маскан.

«Бу йўллар, кўп қадим йўллардир..

Хизмат юзасидан водийнинг деярли барча жойларини автоуловда кезиб юрамиз. Ишонинг, аввал кўрган йўлларимиз Парда Турсунга бориш йўли олдида «равон йўл» экан.

Тоғ ва адирликлар ўртасидаги, кунига ўн минглаб одам машинада босиб ўтадиган йўлнинг аҳволини сўз билан таърифлашнинг иложи йўқ. Йўлнинг 30 километри худди биров атайлаб чуқурлар қазиб чиққанга ўхшайди. Ишқилиб ҳайдовчимиз, «Қайтайлик, менга автомашинам ҳали керак бўлади!», деб қолмасин деган хавотир ҳам пайдо бўла бошлади.

Йўлдан ўтаётган ҳайдовчилар камерамизни кўргач, ўзлари тўхтаб йўлнинг ҳолатидан жуда норозиликларини билдира бошлашди. «Зўрға, биринчи, иккинчи тезликда юрамиз. Автомашиналаримизнинг «ходовой»лари тинимсиз ишдан чиқади. Яхши, бизнинг «дод»имизни эшитадиганлар ҳам бор экан. Ўн мингдан зиёд аҳоли туман марказига мана шу йўл ҳам дейишга арзимайдиган ўнқир-чўнқирдан қатнаб келмоқда. Йўл қачон таъмирланганини ёддан чиқариб юборганмиз. Сўнгги марта 30-40 йил олдин таъмирланган бўлса керак», дейди ҳайдовчилардан бири.