8 августдан Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари бошланди. Миллиондан ортиқ ёшлар учун муҳим палла муносабати билан Kun.uz бир неча ҳукумат аъзоларининг олийгоҳга ўқишга кириш хотиралари ва абитуриентларга тилакларини тақдим этади.

“Тошкентга келишга имкониятим бўлмагани учун, Термизга ўқишга топширишга мажбур бўлганман”

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов:

— Мен 50-60 йил аввални эмас, ўзимнинг абитуриентлик давримни айтмоқчиман: 1993 йил илк марта тест жорий қилинганда, тест қандай бўлишини тушунтириб берадиган одам бўлмаган. Тестга кирганмиз, нима қилишни билмаймиз. Ҳужжат топширишнинг ўзида жуда катта машаққат ва адолатсизлик бўларди. Термизнинг иссиғи 45 градус, бир ҳафта ҳеч бир шароит йўқ – ҳужжат топшириш учун навбатда турганман. Тошкентдаги ОТМларга ўқишга топшириш учун олиб келадиган одам бўлмаган – отам ёшлари ўтиб, бемор ҳолда ётоқда эдилар, ҳозиргидек транспорт инфратузилмаси бўлмаган.

Шу тариқа ТерДУга ҳужжат топширганман. Кимнинг таниши бўлса, контракт ҳужжатисиз ҳужжат топширарди, бизга ўхшаб бориб қолганларга контракт “бланканг” бўлмаса, ҳужжатингни олмаймиз, деган шарт бўларди.

Ўқишга киргандан кейин 93 балл билан курсдошим бюджет, мен 177 балл билан контрактда ўқирдим, бу адолатcизликка чидаб бўлмайди. Ҳозир ижтимоий тармоқлар, фаолларга раҳмат – кичик адолатсизликлар барҳам берилишига сабаб бўляпсизлар. Бир йил ўқиб бюджетга ўтганмиз, бундай имконият ҳам бор эди.

Билими жуда кучли синфдошим Тошкентга ўқишга топшириб, 5 марта қайтиб кетган, кира олмаган. Яқинда шу синфдошимни кўриб ҳол-аҳвол сўрасам, мактабда қоровул бўлиб ишлаётган экан. Жамият, давлат ўша пайт шундай иқтидоридан айрилди. Шундай қобилиятли боланинг истеъдоди қишлоқда қолиб кетди. Балки у мендан бахтлидир, ижтимоий тармоқлардаги негативларга термилмас (ҳазил), тоғда тинч яшаётгандир, лекин давлат бу истеъдоддан айрилди.

“Тун ва кунни алмаштириб имтиҳонга тайёрланганмиз”

Русланбек Давлетов, адлия вазири:

— Абитуриент сўзини эшитганимда ҳозир ҳам ҳаяжон келади. Ўша пайтдаги ҳисларимни эслатади. Бу табиий нарса деб ўйлайман. Ўқишга кириш ҳам инсоннинг ҳаётидаги катта воқеа – менда ҳам бу истисно бўлмаган. Ҳамма оддий инсон, бир соҳада кучли бўлса, бошқа соҳада камчилиги бўлади. Бу йил менинг ҳам фарзандим абитуриент – оиламизда ҳаяжонли кунлар кечяпти. Абитуриентлар ҳаяжонни ўйламасдан, ўзига ишониши керак.