Жамият | 15:58 / 02.10.2019
6500
3 дақиқада ўқилади

Денов тумани ҳокимлиги Даҳанадаги тутаётган чиқинди полигони ҳақида маълумот берди

Фото: KUN.UZ

26 сентябрь куни Kun.uz сайтида «Тоза ҳудуд» тутунидан азият чекаётган Даҳана» сарлавҳали суриштирув эълон қилинганди. Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳокимлиги Даҳанадаги тутаётган чиқинди полигони ҳақида эълон қилинган бу суриштирувга муносабат билдирди.

Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, Денов тумани ҳокимининг 2017 йил 2 сентябрдаги қарори билан Сина ҚФЙ, Кўкабулоқ маҳалласи ҳудудидан фойдаланилмайдиган 5 гектар ер майдони чиқинди полигони қурилиши учун «Тоза ҳудуд» ДУК Денов туман филиалига ажратилган. 

«Қаттиқ маиший чиқинди полигони»ни ташкил қилишда туман ҳокимлиги қошидаги Ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга, ижарага бериш ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси, туман ДСЭНМ, ИИБ ЁХБ, электр тармоқлари, газ таъминоти корхоналари, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ва бошқа алоқадор ташкилотлар билан келишилган. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг давлат экологик экспертиза ижобий хулосаси олинган.

«Қаттиқ маиший чиқинди полигони»га туманнинг 40 та маҳалласида жойлашган юридик ташкилотлар ҳамда 123 781 нафар аҳоли томонидан йиғилган қаттиқ маиший чиқиндилар махсус техникалар ёрдамида олиб келинади.

5 гектар ер майдонига эга «Қаттиқ маиший чиқинди полигони» ҳудуди бетон ғишт тўсиқ девор билан ўраб олинган бўлиб, шимол, шарқ ва ғарб томондан фермер хўжаликлари яйлов ер майдонлари, жануб ва жануби-шарқдан 600-620 метр оралиқ масофада аҳоли яшаш пунктлари билан чегараланган («Қаттиқ маиший чиқинди полигони»нинг санитар ҳимоя минтақаси 500 метр этиб белгиланган).

Ўрганиш жараёнида «Қаттиқ маиший чиқинди полигони»да номаълум сабабларга кўра, ёнғин содир бўлганлиги аниқланди. Ҳудуд тартибга келтирилиб, келгусида ёнғин содир бўлишининг олдини олиш, хавфлилик даражаси 4 ва 5-синфга мансуб чиқиндилар қабул қилиниши ва уларнинг атроф-муҳит атмосфера ҳавосига таъсир кўрсатмаслик чоралари кўрилди»,— дейилади баёнотда.

Баёнотда илова қилинган суртда чиқинди полигони текислаб ташлангани кўринади.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид