Шу йилнинг июль ойида Kun.uz сайтида Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрининг Ашхобод кўчасида яшаган ва ерлари давлат эҳтиёжи учун қайтариб олинган аҳоли ва ҳокимлик ўртасида юзага келган можаро ҳақида «Хоразмда уйи бузилган одамлар норози бўлишди – вилоят ҳокими 10 августгача муаммоларни ҳал қилишга ваъда берди» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Кейинчалик одамларга Миллий Банкнинг Урганч бўлими томонидан компенсация пуллари тўлиқ тарқатилди. Жараённи Хоразм вилоятига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ҳам кузатиб борди, аҳоли билан учрашиб, суҳбатлашди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги одамлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун жами 394та хонадон эгасига 70 миллиард сўмдан ортиқ компенсация пулини тўлиқ миқдорда тўлаб берди. Шундан сўнг Чондирқиёт қишлоғи ҳудудида палатка ва чартак (капа) қуриб яшаётган одамлар янги уй-жойларини қуриш ишларини бошлаб юборишган эди.
Орадан 2 ой ўтди, куз фаслининг салқин кунлари келди. Шу сабабли қурилиш ишлари қандай кечаётганини ўрганиш, одамларнинг кайфияти ва вазият билан танишиш мақсадида яна Чондирқиёт қишлоғига бордик.



Айни пайтда қишлоқда жуда кенг кўламдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Ҳудуд 4та қисмга бўлиниб, уларнинг ҳар бирида мини-штаб – қароргоҳ ташкил қилинган. Унда ҳокимлик ходимлари, қурувчи ташкилот раҳбарлари аҳолининг мурожаатларини ўрганиш, кундалик муаммоларни шу жойнинг ўзида ҳал қилиш, бундан ташқари, қурилиш ишларини мувофиқлаштириш, назоратга олиш билан шуғулланмоқда.



Ўтган икки ой ичида бу ерда кўплаб 1 ва 2 қаватли уй-жойлар қад ростлади. Ўз маблағларига таяниб, қурилишни эртароқ бошлаган одамларнинг уйлари деярли битган. Турли сабабларга кўра кеч қолганларники эса фаол қурилиш жараёнида. Улар ҳам қишгача барча ишларни якунлаб олишга шошилмоқда.





















