25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев солиқ сиёсатини такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Унга кўра, тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилди.
3 октябрь куни Халқаро пресс-клубда шу мавзуга бағишланган мулоқот бўлиб ўтди. Унда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосарлигига янги тайинланган Абдулла Азизов иштирок этиб, мавзуга оид бир неча саволларга жавоб берди.
Савол: Сиз 15 йил Данияда яшагансиз, шунинг 12 йилида ишлагансиз. Европа солиқ маъмурчилиги билан Ўзбекистон солиқ маъмурчилиги орасидаги энг катта фарқларни айтиб берсангиз.
«Данияда солиқ идораси жуда кучли ташкилот ҳисобланади. Бу мамлакатда ижтимоий соҳага жуда катта эътибор қаратилади. Шу туфайли кўп нарса солиқ тушумига бориб тақалади. Данияда ҚҚС 25 фоизни ташкил этади, даромад солиғи эса 56 фоизгача боради. Бу мамлакатда солиқ ставкалари прогрессив характерга эга, яъни кўп пул топган одам кўп солиқ тўлайди. Данияда ижтимоий ҳимоя тизими жуда ҳам кучли.
Бу мамлакатда бир қизиқ ибора бор - «Солиқни тўлашдан бўйин товлаганликнинг жазоси одам ўлдирганникидан оғирроқ». Данияда 60 минг крона (ўртача 10 минг доллар) миқдоридаги солиқни тўламаган бўлсангиз, ўша солиқ билан бирга яна 100 фоиз миқдорда жарима тўлайсиз. Агар 250 минг кронадан (тахминан 40 минг доллар) ортиқ тўланмаса, солиқ ҳам ундирилади, жаримага тортилади ва ҳатто қамоқ жазосигача қўлланиши мумкин. Аммо Данияда солиқ тўламаганлар дарҳол жазога тортилмайди. Аввало бунинг сабаблари ўрганилади, яъни билиб қилганми ёки билмай. Бу нарса Данияда жуда муҳим.
Бу мамлакатнинг солиқ тизимида консалтинг – маслаҳат хизмати ҳам бор. Улар солиқ тўловчига маслаҳат ва ёрдам беради. Масалан, катта фирмаларнинг солиқ ҳисоботини юритиш жуда ҳам оғир. Шунинг учун ҳам солиқ ходимлари бориб, уларга ёрдам беришади, тушунтиришади. Яъни солиқчи тадбиркорга ёрдамчи бўлади.
Бу мавзуни Ўзбекистонда ҳам кўтаряпмиз. Бизда азалдан солиқ идорасини жазоловчи ташкилот деб тушунишади. Энди солиқ идорасига бўлган муносабатни ўзгартиришни мақсад қилганмиз. Солиқ қўмитаси тадбиркорнинг орқасидан қувиб юрувчи, ушлаб олиб, жазоловчи сифатида эмас, балки маслаҳат берувчи, хатоларни олдини олишда кўмаклашувчи, уларни тўғрилашга ёрдам берувчи ташкилот бўлиши керак. Буни амалга ошириш мақсадида Солиқ маслаҳати бошқармасини ҳам очдик. Бу тизим тез орада солиқ қўмиталарида ишга тушади. Тадбиркорлар уларнинг олдига бориб ёки телефон орқали маслаҳат олиши мумкин бўлади. Умумий олганда ҳозирги мақсадимиз – бошқача даражага кўтарилиб, халқ билан бирга ишлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.
Савол: Солиқ идоралари билан тадбиркорлар ўртасида қандайдир зиддият, бир-бирига душманлик назари билан қараш ҳолатлари бор. Буни ўзгартириш учун нималар қилиш керак?







