Нидерландия ўзининг 1 миллион гектар ерида деҳқончилик қилиб, 102 миллиард долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилади. Ўзбекистонда эса 4 миллион гектарга яқин деҳқончилик қилса бўладиган ерлар бор ва бу ерларнинг катта қисмида пахта етиштирилиб, пахта ва тўқимачилик маҳсулотларидан йилига 2 миллиард доллар атрофида даромад қилинади...

Айтайлик, кимдир 1 гектар ерда бирор маҳсулот етиштириб, уни экспорт қилиш орқали 10 минг долларгача фойда қила олади. Сиз эса бунинг ўрнига 2 минг доллар келтирадиган маҳсулот экишингиз мумкин.

Бундай ҳолат ердан норационал фойдаланиш дейилади. Зеро, сиз ўзингизни ва мамлакатингизни оз эмас-кўп эмас – 8 минг доллардан мосуво қилдингиз.

Аграр соҳа буйруқли – давлат режасига мувофиқ юритилса шундай бўлади. Ўзбекистонда миллионлаб гектар ерлар ҳозирда айнан шундай тартибда истифода этиляпти.

Собиқ иттифоқ даврида қишлоқ хўжалиги соҳаси ўзига хос тарзда – режа асосида юритилган эди, чунки бозор иқтисодиёти институти мафкура даражасида рад этилган эди. Барча ишлар давлат назорати остида юритилар, назоратга катта куч ва маблағ сарф қилинарди. Ишлар шахсий манфаатдорлик йўлида уриниш ва изланишга эмас, балки кўпроқ жамоавий энтузиазмга – иштиёққа суянар эди. Энтузиазм эса йилдан-йилга сўниб бораверди, назорат қилиш қийинлашиб бораверди, оммавий мулкни талон-торож қилиш, нарсаларни хор қилиш ҳолатлари кўпайгандан кўпайди. Зеро, мулкнинг аниқ эгаси йўқ эди. Иттифоқ борган сайин эгасиз нарсалар мамлакатига айланиб бораверди ва шу боис, охир-оқибат таназзулга юз тутди.    

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин ҳам афсуски қишлоқ хўжалиги соҳасида бозор муносабатлари қарор топмади. Эски тизим сарқити – давлат томонидан деҳқон елкасига режа юклаш амалиёти давом этди. Қишлоқ хўжалигини ва умуман, ҳар қандай соҳани ривожлантиришнинг асосий омили бўлмиш – моддий манфаатдорлик даражаси ўта паст ҳолда қолди. Натижада ер қадрланмади, жамиятга келтириши мумкин бўлган фойдани келтирмади.

Бунинг устига қишлоқлардаги демографик аҳвол, ишсизлик миқдори ҳисобга олинмади. Аҳолиси зич, ишсизлик миқдори юқори бўлган ҳудудларда кичкина ер хўжаликларини тузиш йўлидан борилмади. Оқибатда бундай ҳудудлар ишсизлик ўчоғига ва ўзга – баъзи ривожланаётган мамлакатларга миллионлаб меҳнат мигрантлари етказиб берувчи, ўзга иқтисодиётлар учун арзон ишчи кучи етказиб берувчи ҳудудларга айланди. Бу ёқда эса шунча ер зўрма-зўраки ишлатиб келинди.