Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Академик Тошмуҳаммедов Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат, фан ва хавфсизлик ҳақида
Ўзбекистон Фанлар академиясининг аъзоси, биофизик олим Бекжон Тошмуҳаммедов президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат, фан ва хавфсизлик масалалари тўғрисида сўз юритди.
Бекжон Ойбекович Тошмуҳаммедов 1935 йил 27 январда Тошкент шаҳрида туғилган. 1958 йилда Москва давлат университетини тамомлаган. 36 ёшида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган ва Тошкент давлат университетининг биология ва биофизика кафедраси профессори бўлган. 1975 йилда Берлиндаги Гумболдт университетида, 1978 йилда Мериленд университетида (АҚШ, Балтимор) илмий амалиёт ўтаган.
У ўз даврида Кембриж университетида (Буюк Британия) илмий фаолият билан шуғулланган. Япония Фанлар академиясининг Умумий физиология институтида таклиф этилган профессор сифатида ишлаган. 1985 йилда "Нейротоксинлар асаб импульслари генерациясининг молекуляр механизмларини ўрганиш воситаси сифатида" туркумидаги илмий ишлари учун СССР Давлат мукофоти лауреати бўлган.
Узоқ вақт Ўзбекистон Фанлар академиясининг биология бўлими мудири ва Фанлар академиясининг Физиология институти директори бўлиб ишлаган.
- Интервью беришга рози бўлганингиз учун ташаккур. Аввало, Ўзбекистондаги вазият, Ўзбекистон президенти бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларни қандай баҳолашингиз тўғрисида сўрамоқчи эдим.
- Биз тез ўзгарувчан даврда яшаяпмиз ва менинг ёшимда барқарорлик кўпроқ хоҳланса-да, аммо бугунги кунда мамлакатимизда бўлаётган барча ўзгаришлардан жуда мамнунман. Ахир, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар биринчи марта ўз ечимини топа бошлади.
Тўғри, ҳаммаси текис кетмаяпти. Президентнинг ўзи мавжуд камчиликларни тан олмоқда. Аммо энг муҳими, ҳукумат халқ билан мулоқот ўрнатди. Сўз эркинлиги ва диний эркинлик, инсон ҳуқуқлари энди жамиятимиз учун мўрт сўз эмас. Бугунги кунда одамларнинг манфаати шунчаки навбатчи сўзлар эмас - бу сиз ва бизнинг воқелигимиз.
Ва халқ ана шундай яшашга одатланмоқда ва бунинг аксини тасаввур ҳам қила олмайдилар. Биз узоқ, чуқур ва қўрқинчли уйқудан уйғонганимиз ойдинлашди.
Менимча, биз яқиндагина ҳукумат ўз оилаларини ташлаб, иш излаб кетган бечора муҳожирларни ҳақоратлашга йўл қўйганлигини унутиб юбордик. Биз Ўзбекистон ҳақидаги янгиликларни чет эл матбуотидан ўқиганимизни ёддан чиқардик. Атиги уч йил аввал БМТнинг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Ўзбекистонда жонли эфирда матбуот анжумани ўтказишини тасаввур қилишнинг иложи йўқ эди.
Биз қисқа вақт ичида қандай йўлни босиб ўтганимизни осонгина унутдик. Бу муаммоларнинг ечимига, авваламбор, президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродасини талаб этадиган саъй-ҳаракатлар орқали эришилади. Унинг ишончи ва танлаган йўлида қатъийлиги туфайли одамлар эркин гапириш ва фикрлаш имкониятига эга бўлдилар. Буларсиз бугун сиз билан бундай мавзуларда гаплашиб ўтирмаган бўлардик.
- Сиз ютуқлар ҳақида гапиряпсиз, аммо тобора кўпроқ одамлар виртуал қабулхоналар, блоглар ва ижтимоий тармоқлар орқали президентга мурожаат қилиб, ўз муаммолари ҳақида гапира бошладилар.
- Бу нормал ҳол. Одамлар ўз мурожаатлари эътиборсиз қолмаётганлигини кўришмоқда. Бироқ, барчамиз "шу ернинг ўзида ва ҳозироқ" деган талабни бажаришнинг ҳамиша ҳам имкони йўқлигини тушунишимиз лозим.
Олдинга силжиш, тўпланган хатоларни тузатиш ва тугатиш жиддий харажатларни талаб қилади. Ҳақиқий бозор муносабатларига ўтиш даврида инфляция муқаррар эканлигини одамларга қандай тушунтириш керак? Давлат аҳолининг уй-жой коммунал хизматлари учун қарзларини доимий равишда тўлай олмайди, электр энергияси, ун ва бошқа нарсалар ишлаб чиқаришни мунтазам субсидиялашга қодир эмас. Яримтаки чоралар ҳеч қачон муваффақият келтирмаган, фақат муаммоларнинг оғриқли ечимини ортга сурган. Агар бозор фойдасига танлов қилган бўлсак, у ҳолда бозорга қараб ўйлашимиз ва ҳаракат қилишимиз керак. Афсуски, бошқа йўл йўқ.
Шу билан бирга, ҳақиқий вазиятни тушунтириш ўрнига шунчаки арзон очко ишлайдиган одамларнинг алоҳида гуруҳи бор. Танқид қилиш ҳар доим муаммони ҳал қилишдан кўра осон. Натижада тўғри, аммо оғриқли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ўрнига, салбий ахборот манзараси шаклланади. Сўз эркинлиги оғзига келганини гапириш дегани эмас, зеро бу улкан жавобгарлик ҳамдир.
- Мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришларга келсак, сизнингча, қайси масалалар жадал ривожланишга эришиш учун устувор ҳисобланади?
- Мен Шавкат Миромоновичнинг жаҳолат ва зўравонликка қарши таълим орқали курашишга асосланган қатъий позициясини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Маърифат, илм-фан ва таълим тараққиёт гарови деган бўлардим. Тараққиёт нима? Уни таъминлайдиган инновациялар, янги технологиялар, маълумотли ва юқори малакали кадрлардир.
Муҳими, давлатимиз раҳбари буни тушунади. Унинг ўзи ҳам бир неча бор таъкидлаганидек, замоннинг ўзи фан соҳасини ривожланишнинг янги босқичига кўтариш зарурлигини тақозо этади. Айнан президент туфайли Ўзбекистон Фанлар академияси қайта тиклана бошланди. Зеро, бунгача, у йиллар давомида онгли равишда йўқ қилинди, унутила бошлади. Менинг сўзларимни кўплаб олимлар тасдиқлашади.
Бугун академик унвонига жамиятнинг аввалги ҳурмати қайтарилди. Эндиликда Академияга ўзларини тўлиқ фанга бағишлайдиган ва ўз оилаларини боқиш учун пул топиш заруриятини ўйламайдиган ёш ва иқтидорли ёшлар кела бошладилар. Олим бўлиш бизнесмендан кам бўлмаган нуфузга айланиб бораётгани мени хурсанд қилади. Илм кишилари жамиятда шарафли ўринни эгаллайдилар. Буларнинг барчасида мамлакатимизнинг ҳақиқий тараққиёти ва порлоқ келажагини кўрмоқдаман.
- Аммо тараққиётни таъминлаш учун мусаффо осмон керак. Албатта, бугун биз тинч ва осойишта ҳаёт кечирмоқдамиз. Сизнингча, радикаллашув ва экстремизм таҳдидлари Ўзбекистон учун қай даражада реал?
- Терроризм бизнес сингари глобаллашиб бормоқда, у чегараларни тан олмайди ва ўз мақсадларига эришиш усулларини доимий равишда такомиллаштириб бормоқда.
Агар бизда ҳаммаси тинч бўлса, бу ҳеч бир мамлакат суғурталанмаган таҳдидлар бизни четлаб ўтишини англатмайди. Биз бутун бошли давлатлар зўравонлик, разолат ва фундаментализм чангалига тушиб қолишига гувоҳ бўлдик. Бизга энг яққол мисол - ўнлаб йиллар давомида қон тўкилиши тўхтамаётган Афғонистон. Бир ўйлаб кўринг, биргина ўтган йил давомида у ерда 3 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди, буларнинг бари бизнинг чегараларимизга яқин жойлашган бутунлай бошқа дунё мавжуд бўлган ерда содир бўлмоқда.
Ватанимизга таҳдидлар хаёлот эмас. 2000-йиллар бошида террорчилар қўшни давлатлардан бизнинг ҳудудимизга ўтиб кетишининг олдини олиш учун тоғларда шафқатсиз ҳарбий ҳаракатлар олиб боришга тўғри келганини барчамиз эслаймиз. Хорижий кучлар мавжуд, агар уларга зарба берилмаса, улар юртимизни ҳақиқий Исломга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган экстремистик ғоялар билан тўлдирадилар.
Бизга қўшни мамлакатларда уларнинг Яқин Шарқ давлатлари ҳомийлик қиладиган мактаблари фаолият кўрсатади. Биз бу барча балолар бизни четлаб ўтиб кетади, деб ўйлаб, бепарво яшамаслигимиз лозим. Биз биргаликда мамлакатимизга, ислоҳотларнинг оғир йўлини бошлаган президентимизга ёрдам беришимиз керак. Охир-оқибат, барчамиз бир қайиқдамиз ва унда ўз манфаатларимиз йўлида сузишимиз даркор.
- Суҳбат учун раҳмат.
Мавзуга оид
14:04 / 26.08.2025
Иордания подшоҳи Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди
20:17 / 27.12.2024
Учта вилоятда «булутли» маълумотлар маркази ишга туширилади
07:50 / 27.12.2024
Ўзбекистон президентининг Россияга амалий ташрифи якунланди
20:15 / 26.12.2024