Tribuna.uz ўз анъанасига мувофиқ Европада навбатдаги уик-энднинг энг асосий ўйинлари анонсини тақдим этади.

ЛИВЕРПУЛЬ – ЛЕСТЕР (5 октябрь, 19:00)

“Ливерпуль” АПЛда ҳали очко йўқотмаган, мағлубиятга учрамаган ягона жамоа саналади ва “Лестер” синови ушбу мавсумдаги жиддий синовлардан бўлиши мумкинлигига бир қатор асослар бор. Биринчиси – Брендон Рожерс. Ушбу мураббий ўз вақтида “Ливерпуль”да ишлаган, ҳатто чемпионликка жуда яқин келган, Юрген Клопп келишидан олдин истеъфога чиқарилганди. Рожерс Англияда навбатдаги кучли жамоаси тузиш йўлида муваффақиятли ишламоқда.

Иккинчиси, ростан ҳам “Лестер” жуда сифатли ўйин намойиш этмоқда. Турнир жадвалида учинчи поғонада бораётган “тулкилар” ўйин савияси бўйича мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлдилар ва ҳатто топ-6 ичига киришга дастлабки даъвогар сифатига тилга олиняпти. Шунингдек, “Лестер”нинг Клопп жамоаси учун жуда ноқулай рақиб эканини ҳам унутмаслик керак. “Ливерпуль” юқори прессинг ва ҳимояланишга ўрганган, узун паслар орқали майдон марказини кесиб ўтиш эса, таркибида Варди бор “Лестер” учун асосий қуроллардан биридир.

Яна бир факт – “Ливерпуль” АПЛ доирасидаги ўйинларда охирги марта 30 январь куни “Энфилд”да очко йўқотган. Шундан бери қаторасига 10 ўйиндан бери Клопп шогирдлари уй ўйинларида фақат ғалаба қозониб келмоқдалар. Ўша январдаги 1:1 ҳисобли дурангда эса, рақиб, топдингиз, “Лестер” эди.

Таркиблар борасида мезбонларда муаммо йўқ, дарвозабон Алисон терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан кейин сафга қайтади. “Лестер” етакчиси Жеймс Мэддисоннинг майдонга тушиши ҳам ҳозирча сўроқ остида турибди. Унда енгил жароҳат бор.

Дарвоқе, “Ливерпуль” ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигаси доирасида асосий таркиб билан ўз ўйинини ўтказганини ҳам таъкидлаш керак. Бу эса, жисмоний тарафдан “Лестер” имкониятларини бироз оширади.

ВЕСТ ҲЭМ – КРИСТАЛ ПЭЛАС (5 октябрь, 21:30)

Топ-рақиблар бўлмаса-да, ўйиннинг дерби экани ва учрашув вақти АПЛдаги бошқа ўйинлардан алоҳида вақтда экани ҳам мухлисларни жалб қилса ажаб эмас. Томонлар лиганинг энг тажрибали мураббийлари Мануэл Пеллегрини ва Рой Ҳожсон қўл остида майдонга тушишларини ҳам ҳисобга олсак, ўйин жуда юқори савияда ўтишини тахмин қилса бўлади.

Шунингдек, рақибларнинг спорт формаси ҳам ажойиб даражада. Ҳар иккиси ҳам мавсумни ёмон бошлаган бўлишса-да, кейинги ўйинларда ўнгланиб олишди ва турнир жадвалининг юқори қисмига анча яқинлар. “Кристал Пэлес” сўнгги 5 ўйиндан 3тасини ўз фойдасига ҳал қилди, бу ғалабалар ичида “Олд Траффорд”дагиси ҳам бор. “Вест Ҳэм” эса, дастлабки турдаги йирик мағлубиятдан сўнг, ютқазмаяпти – 3 ғалаба ва 3 дуранг билан “болғачилар” очколар бўйича, Лондоннинг эгалари бўлмиш топ клублардан устун бўлиб турибдилар. “Вест Ҳэм” ҳозирда “Арсенал” билан тенг, “Тоттенҳэм” ва “Челси”дан кўпроқ очко жамғардилар.