Бухоро вилоятининг Когон туманидаги «Туни Ироқ» маҳалласида жойлашган 15-ўрта мактабнинг 5-синф ва ундан юқори синф ўқувчилари 29 сентябрь, якшанба дам олиш куни пахта тергани чиққан, бу ҳақда Kun.uz ўз суриштируви натижаларини эълон қилган эди.

Дастлаб, Repost.uz нашри аноним манбага таяниб 15-мактабнинг камида 13 нафар ўқувчиси Тайтал қишлоғи яқинидаги «Алиноз Шергирон» ва «Барно Баҳром» фермер хўжалиги далаларида пахтага олиб чиқилгани, бу ишларнинг бошида туман ҳокими Йўлдош Жумаев тургани таъкидланган хабар ва пахта пайкалидаги болаларнинг суратини чоп этганди.

Фото: Repost.uz

Kun.uz мухбирлари 15-мактабда бўлишганида, директор Ж.Саидов ва туман ХТБ мудири Б.Қурбонов ўқитувчилар ёки мактаб ўқувчиларига пахта йиғим-теримига мажбурий чиқариш ҳақида буйруқ берилмаганини таъкидлашди. Биз суҳбатлашган мактаб юқори синф ўқувчиларининг аксарияти буни тасдиқлаб беришди.

Бироқ айрим ўқувчилар пахтага чиққани билиниб турарди. Уларнинг бармоқларини чаноқ шилгани кўриниб турарди.

«Туни Ироқ» маҳалласида истиқомат қилувчиларнинг айтишича, қишлоқда кўпчилик мактаб ўқувчиларининг оталари Россияда меҳнат миграциясида. Пахта мавсумида уларнинг оналари пахта теримга чиқишади. Болалар даладаги яқинларига чой ёки овқат ташишади. Ўзлари ҳам оналарига, опаларига пахта теришда кўмаклашишади. Қайтишда фартукда мол-қўйларига ўт юлиб қайтишади. Бу — йиллар давомида шаклланган анъана.

Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати мазкур хабар ва фотосуратни Repost.uz сайтига юборган инсонни топган ва масалага ойдинлик киритган.

«29 сентябрь ва 1 октябрь кунлари чиндан ҳам айрим ўқувчилар ота-оналарига қўл-қанот бўлиш (ўт-хашак жамғариш), уларга ёрдам бериш (зарурат юзасидан хабар етказиш) мақсадида пахта даласида бўлишган», — дейилади ҳокимлик хабарида.

«Алиноз Шергирон» фермер хўжалиги Ҳожи Файзиев ўқувчилар пахта теримига жалб этилмагани, ҳосил эса қишлоқлар аҳолиси, ёшлардан иборат отряд томонидан йиғиштириб олинаётганини маълум қилган. Ўқувчиларни пахта теримига жалб этишга оид туман ҳокими буйруғи ва халқ таълими бўлими мудирининг кўрсатмаси бўлгани ҳақида гаплар асоссиз эканлигини айтган.