Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чекларни солиқ органларида рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар орасида ютуқли ўйинлар ўтказилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассадан олинган чекларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар орасида ютуқли ўйинларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Низомга кўра, жисмоний шахслар касса чекини олганларидан сўнг мобиль илова ёрдамида ёки Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайти орқали касса чекининг QR-коди ва фискал белгиларини қайд қиладилар.
Бунда, касса чекларини рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга ўйин иштирокчиси сифатида рўйхатга олинганлиги ҳақида тегишлича уяли телефонига SMS шаклида ёки электрон почта манзилига хабар юборилади. Шу орқали жисмоний шахслар ютуқли ўйин қатнашчисига айланади.
Ютуқли ўйин жиҳозлари Капитал бозорини ривожлантириш агентлигидан экспертизадан ўтказилади ва тасдиқлангандан кейин фойдаланишга қўйилади.
Касса чеклари айнан олинган ва рўйхатдан ўтказилган давр (чорак, ой) учун ўйналадиган ютуқли ўйинда қатнашиш ҳуқуқини беради.
Касса чекининг ҳар биттасига ютуқларни олишнинг тенг имконияти (тенг эҳтимоллиги) ўйиннинг асосий принципи ҳисобланади. Ютуқли ўйинларнинг ушбу принциплар бузилган ҳолда ўтказилиши тақиқланади.
Ютуқли ўйин натижаларига кўра бир нафар қатнашчи ютуқлардан фақат биттасининг эгаси сифатида эътироф этилиши мумкин.
Ютуқли ўйинни қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилишини назорат қилиш учун Давлат солиқ қўмитасининг буйруғи билан комиссия тузилади. Комиссиянинг таркиби, иш регламенти ва ўйин қоидалари Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади.
Ютуқли ўйинлар уни ўтказиш қоидаларига мувофиқ ташкилотчи томонидан амалга оширилади.
Ютуқли ўйинни қонунчиликка мувофиқ ўтказилишини назорат қилиш бўйича комиссия таркиби раис, унинг ўринбосари, комиссиянинг котиби ва аъзоларидан иборат бўлиб, 7 кишидан кам бўлмаслиги керак.
Комиссия таркибига келишув асосида ташкилотчи, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат бошқаруви органлари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари киритилиши мумкин.
Комиссиянинг ваколатлари:
комиссия аъзолари таркибидан комиссия раиси ва котибини сайлаш;
ютуқли ўйинни ўтказиш вақтини келишиш;
ютуқли ўйин ўтказилишидан аввал ғолибларга бериладиган ютуқларни миқдори ва тақсимлашини белгилаш;
ютуқли ўйинни ўтказиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш чораларини кўриш;
ютуқли ўйин ўтказиш билан боғлиқ низоли ҳолатларни кўриб чиқиш;
ютуқли ўйин натижалари бўйича якуний қарор қабул қилиш.
Комиссия қарорлари оддий кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади ва баённома шаклида расмийлаштирилади.
“Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ комиссиянинг баённомаси билан ютуқли ўйин ташкилотчиси сифатида юридик шахс танланади. Баённомага асосан беш кун муддатда Давлат солиқ қўмитаси томонидан ютуқли ўйин ташкилотчиси билан шартнома тузилади.
Ютуқли ўйин ташкилотчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўйинни ўтказиш бўйича тузиладиган шартномада кўрсатилади.
Ютуқли ўйинни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, бошқа ташкилий масалаларни амалга ошириш Давлат солиқ қўмитаси ва ташкилотчи ўртасида тузиладиган шартнома шартлари ҳамда харажатлар режаси асосида ютуқ фонди ҳисобидан амалга оширилади.
Ютуқ фондини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:
Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ажратиладиган бюджет маблағлари;
Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари;
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази” ва “Солиқ сервис” давлат унитар корхоналари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилган маблағлар;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар.
Қуйидагилар ўйинлар бўйича ютуқлар бўлиши мумкин:
пул маблағлари;
буюм ютуқлари, бунда ютуқ эгаси унинг қийматини нақд пул билан олиш ҳуқуқига эга. Битта буюм ютуғини унинг эгаси розилигисиз бошқаси билан алмаштиришга йўл қўйилмайди;
номоддий тусдаги ютуқларнинг бошқа турлари, айрим товарлар ва хизматлар, санаторий ва дам олиш уйларига йўлланмалар сотиб олиш бўйича имтиёзлар.
Мавзуга оид
09:20 / 29.06.2026
Энди чекларни «Солиқ» иловасига юклаганлар автомобил ютиб олиши мумкин
23:50 / 31.10.2025
Навоийда хатолик туфайли 2 дона қалампирга 2 млрд сўмлик чек урилди
11:43 / 31.10.2024
Онлайн НКТ чекларини таҳрирлаш имконияти вақтинчалик чекланади - Солиқ қўмитаси
18:43 / 22.07.2024