Жаҳон | 00:55 / 07.10.2019
20090
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда жиноятдан кейин қочиб қолган қозоғистонлик сабабли иммиграция қоидаси ўзгартирилди

Фото: Yonhap News Agency

Жанубий Кореяда ноқонуний иммигрантларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши қоидаларига ўзгартиришлар киритилади. Бу ҳақда The Korea Times нашри хабар берди. Эндиликда ноқонуний муҳожирлар мамлакатдан кетишидан 15 кун аввал иммиграция марказини огоҳлантириб, текширувдан ўтиши керак бўлади.

Миграция қонунчилигига тузатмаларни Жанубий Кореянинг Чханвон шаҳрида 20 ёшли қозоғистонлик 7 ёшли болани машинада уриб юбориб, сўнгра мамлакатдан чиқиб кетишга муваффақ бўлгандан кейин қабул қилишга қарор қилинди.

Машъум йўл-транспорт ҳодисасигача Жанубий Кореядаги ноқонуний муҳожирлар расмий идораларни огоҳлантирмай мамлакатдан кета олганлар.  

Жанубий Корея адлия вазирлигида ноқонуний муҳожирлар огоҳлантиришсиз мамлакатни тарк эта олмасликлари айтилган. Янги қоидалар 14 октябрдан кучга киради.

Автоҳалокат 18 сентябрда юз берган. Болани дўкондан уйига қайтаётганида машина уриб юборган. Болани уриб юборган автомобил воқеа жойидан бир неча километр узоқликда топилган. Боланинг отаси гумонланувчи воқеанинг эртаси куни Инчхон аэропортидан учиб кетганини, буни унга полицияда маълум қилишганини айтган.   

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигида маълум қилинишича, гумонланувчи учинчи давлат ҳудудида яширинмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид