Kun.uz таҳририятига Сурхондарё вилояти, Музработ туманидан бир гуруҳ тадбиркорлар мурожаат йўллади. Мурожаатда туман марказидаги дўконлар ҳоким буйруғи билан бузилгани, компенсация пули эса берилмаётгани ҳақида сўз юритилади.

Масалани ўрганиш учун Музработда бўлдик ва тадбиркорларнинг эътирозларини тингладик.

«Тумандаги «Янги ҳаёт» маҳалласи ҳудудидаги хусусий дўконларимиз «Обод марказ» дастури амалга оширилиши муносабати билан ҳокимлик томонидан буздирилди. Бизга ҳеч қандай огоҳлантириш хати ҳам берилмади. Бир ой ичида бу ишлар бўлиб кетди.

Орадан уч ойдан зиёд вақт ўтди, аммо хусусий мулкимиз ўрнига ер ҳам таклиф этилмаяпти, компенсация пули шу кунга қадар тўлаб берилгани йўқ. Кундан кунга нархлар ошмоқда. Дўконларимизни баҳолатган баҳоси қадри пулимизни олмасдан тушиб боряпти.

Барчамизда мулк ҳуқуқини тасдиқлайдиган ва кадастр ҳужжатлари бор. Биз туман маркази янада обод бўлишига қарши эмасмиз, фақат етказилган зарарни қоплаб беришсин», — дейди биз билан суҳбатда тадбиркорлар.

Шундан сўнг ҳудудни кўздан кечирдик. Туман марказида «Обод марказ» дастури асосида олиб борилаётган ободонлаштириш ва қурилиш ишлари авжида. Тадбиркорларнинг бузилган дўконлари ўрнига ҳам объектлар қурилмоқда.

Тадбиркорлардан бузилиш ҳақида огоҳлантириш бўлган-бўлмаганини сўрадик. Уларнинг таъкидлашича, ҳеч ким бузилишлар ҳақида огоҳлантирилмаган экан. Келишув битимлари дўконлар бузилганидан сўнг анча вақтдан кейин расмийлаштирилган. Аммо барча тадбиркорлар билан ҳам бундай келишув тузилган эмас.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 4-бандида тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатларни, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисидаги тегишли қарорлари нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, имзо қўйдириб, уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар мулкдорларини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шартлиги қайд этилган.