Жамият | 14:57 / 07.10.2019
11220
2 дақиқада ўқилади

«Яшил» йўлакдаги дрон тўхтатиб қолинди

Божхоначилар мамлакатимизга олиб кирилиши тақиқланган товар моддий бойликларни ноқонуний йўллар билан олиб киришга бўлган уринишларга қарши самарали кураш олиб боришмоқда.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Жумладан, Наманган халқаро аэропортига “Москва-Наманган” йўналиши бўйича учиб келиб, “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган фуқаро Р.М.нинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди ва ушбу шахс белгиланган тартибда назоратдан ўтказилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда

Натижада, унинг юклари ичида божхона назоратига тақдим этилмаган ва жисмоний шахслар томонидан олиб кирилиши тақиқланган 1 дона учувчисиз учиш аппарати борлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 2 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-534-сонли Қонуннинг 1-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 2444-моддаси билан тўлдирилган бўлиб, учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш бўйича жиноий жавобгарлик белгиланган. Мазкур Қонуннинг 1-моддаси 2019 йил 4 ноябрдан амалга киритилади.

 

Мавзуга оид