Йўллар ҳолати – ҳар қандай давлатнинг ривожланиш даражасини кўрсатиб берувчи муҳим омиллардан биридир. Миллионлаб одамлар ҳар куни транспортда, велосипедда ёки пиёда шу йўлларни босиб ўтади, ишга, юмушга, ўқишга боради. Агар йўллар ҳолати яхши бўлса, одамларнинг оғири енгиллашади, узоғи яқинлашади, турмуш шароити яхшиланади, турли қулайликлардан баҳраманд бўлишади. Агар ёмон бўлса-чи? Йўллар расволиги натижасида енгили оғирлашаётган аҳолининг кайфияти қандай бўлиши мумкин?
Kun.uz таҳририятига келган мурожаатлардан бири айнан шу мазмунда бўлди. Унда Хоразм вилояти, Урганч тумани, Боғдорчи қишлоғида жойлашган «Бободеҳқон» маҳалласидаги йўл абгор аҳволга келиб қолганидан шикоят қилинган эди.

Маҳалла аҳолиси маълумотига кўра, 2019 йилнинг февраль ойида бу йўлни таъмирлаш ишлари бошланган, чуқурчалар текисланиб, шағал тош тўшалган, аммо тахминан 400 метрлик жойга асфальт ётқизилмасдан қолиб кетган.

Натижада, шу вақтдан бери йўлдан кўтарилаётган чанг уйларни, дов-дарахтларни, автомашиналарни қоплаб олмоқда. Бу йўлдан ҳар куни ишга, юмушга ўтадиган одамлар, боғчага, мактабга қатнайдиган болаларнинг аҳволига фақат ачиниш мумкин.

Маҳалла аҳолисининг шикоятига кўра, чанг-тўзон туфайли нафас олиш ҳам қийинлашяпти. Одамлар ёзда ҳам ойна ва эшикларини ёпиб ўтиришга мажбур. Акс ҳолда ҳатто тановул қилаётган овқатларга ҳам чанг ўтирмоқда.

Бу йўл бўйлаб ишга борадиган катталар, мактабга қатнайдиган болалар безиб кетишган. Чанг-тўзон туфайли кийим-бошлари бир кунда кир бўлиб қолмоқда. Уларни ювиб, қуритиш ҳам муаммо. Боғда қуритиш учун осиб қўйилган кирларга тезда чанг ўтиряпти.
«Йўлимизни февраль ойида бузиб кетишган эди. Ҳануз таъмирланмади. Ҳаммаёққа мурожаат қилдик, аммо фойдаси бўлмади. Мана шу йўлдан болаларимиз мактабга қатнайди. Чанг-тўзон туфайли уйларимизнинг эшикларини очиб қўёлмаймиз. Дарахтлар ҳам чангдан оппоқ бўлиб қолган. Бизга ёрдам беришингизни сўраймиз», дейди аҳоли вакилларидан бири.
















