2019 йил январь ойида Вазирлар Маҳкамасининг «Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 14-сонли қарори қабул қилинганди.

Республика қишлоқ хўжалигини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган мазкур қарорга асосан кўплаб фермер хўжаликларининг ерлари давлат захирасига қайтарилди ва тасдиқланган низом асосида танлов ўтказилиб, ғолибларга ажратилди.

Аммо тан олиб айтиш керакки, ушбу қарор ортидан айрим маҳаллий ҳокимлик ва фермер хўжаликлари ўртасида турли тушунмовчилик ва низолар юзага келмоқда. Ер майдони бошқа фермер хўжалигига қўшиб берилган фермерлар асосан комиссия хулосалари ва танлов нохолис ўтказилгани, шаффофлик таъминланмагани, таниш-билишчилик ва ноҳақликлардан шикоят қилишди.

Kun.uz таҳририятига ҳам бу масалада фермерлар томонидан кўплаб мурожаатлар бўлди ва журналистик суриштирувлар ўтказилди.

Таҳририятга шу мазмундаги навбатдаги мурожаат Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани, «Экраз» маҳалласида истиқомат қилувчи Сирожиддин Абдуғаффоров томонидан йўлланди.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Олтинсой туманида бўлдик ва фермернинг эътирозларини тингладик.

«2018 йилда «Бахтбек Исоқов» фермер хўжалигини ташкил этдим. Фермерлигим ташкил топганига эндигина ўн ой бўлганида ҳоким қарори билан тугатилди ва ер олиб қўйилди. Ҳокимлик буни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида мақбуллаштириш бўлгани билан изоҳлади. Лекин бу жараёнда ҳуқуқларим очиқчасига бузилди. Туман ҳокимлиги 2018 йил ғалладан бўшаган ерга такрорий экин учун фермерлигим билан шартнома қилганди. Шу шартнома асосида фермер хўжалигим ер майдонида карам, сабзи, пиёз маҳсулотлари экилган эди. Ер олиб қўйилаётганидан норозилик билдирганимдан кейин туман ҳокими такрорий экинлар тайёр бўлмаса-да, тракторни устига ҳайдаттирди. Шунча меҳнат бекор кетди, шунча маҳсулот увол бўлди. Ҳокимлик ва фермер хўжалигим ўртасидаги шартномага ҳам қараб ўтиришмади. Еримни ҳам олиб қўйишди. Ҳалигача фермерлигим тугатилганлиги ҳақидаги туман ҳоким қарорини ҳам менга беришмаган», – дейди фермер.

Ўрганишимиз давомида маълум бўлишича, туман ҳокимининг 2018 йил 30 мартдаги қарори билан «Экраз» маҳалласи ҳудудидан 29,55 гектар ер пахта-ғаллачилик ихтисослигидаги фермер хўжалиги ташкил этиш учун 30 йил муддат билан «Бахтбек Исоқов» фермер хўжалигига ижарага берилган.