2019 йил 8 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисига киритилган 5 та қонун кўриб чиқилди.
Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мақсади омонатчилар ҳамда банк хизматларидан бошқа фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда молия муассасаларининг барқарорлиги ва улар ўртасидаги соғлом рақобатни таъминлашдан иборат. Шу мақсадда Қонун банк фаолиятига рухсат бериш шартлари, Ўзбекистон Республикасида ушбу фаолиятни амалга ошириш, шунингдек банкларни қайта ташкил этиш ва тугатиш борасидаги муносабатларни тартибга солади. Шунингдек, Қонун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг молия муассасаларини пруденциал назорат қилишда қўйиладиган талаблар, қўлланадиган восита ва тартиб-таомиллар борасидаги ваколатларини ҳам аниқ белгилайди.

Қонуннинг Сенат томонидан маъқулланиши банклар ва банк фаолияти қонунчилик асосларининг янада такомиллашувига, молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, банк тизими ва иқтисодиётнинг жадал ривожланишига хизмат қилиши мажлис иштирокчилари томонидан айтиб ўтилди.
“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни яна бир муҳим ҳужжатдир. Қонун Ўзбекистон Республикасининг бош молия муассасаси фаолиятини тартибга солишга қаратилган.
Мамлакат пул-кредит сиёсати, унинг восита ва механизмларини тубдан такомиллаштириш ва нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган таъсирини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар асосида инфляциянинг олдини олиш ва бунда Марказий банк фаолиятини тартибга солиш мазкур Қонуннинг асосий мақсадини ташкил этади. Унинг қабул қилиниши Марказий банк пул-кредит сиёсатини амалга оширишда замонавий механизмлар қўлланилиши, тижорат банкларининг бошқарув сифатига таъсир кўрсатиш механизмларининг такомиллаштирилишига хизмат қилади.
Шунингдек, Қўмита ишчи гуруҳи йиғилишида “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида ҳам сўз юритилди.
Қайд этилганидек, Қонун мамлакатда резидентлар ва норезидентларнинг ўз валюта бойликларига бўлган ҳуқуқларини амалга оширишда юзага келадиган муносабатларни ҳамда валютани тартибга солиш ва унинг назоратига доир вазифаларнинг қонуний ечимини таъминланишга қаратилган. Натижада валюта операцияларини амалга оширишда юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз маблағларини эркин тасарруф этишлари бўйича барча ҳолатларнинг қонунчилик меъёрлари билан қамраб олиниши таъминланмоқда.
















