Самарқанд бу йил ҳар доимгидан ҳам кўпроқ сайёҳлар билан гавжум бўлмоқда. Шаҳарда сайёҳлар оқими кўпайиши уларга хизмат кўрсатаётган аҳоли қатламининг даромадлари кескин ошаётганидан ҳам билинади. Яқинда меҳмонхона бизнеси билан шуғулланаётган бир самарқандлик билан гаплашдик. У Россиядан қайтиб келгани, сайёҳларнинг қадами узилмаётгани учун энди Россияда ишлашнинг ҳожати қолмаганини айтди. Масалан, Регистон майдони атрофида яшайдиган одамлар ҳовлисининг битта хонасини меҳмонхона қилса, бу камида ўз харажатларини қоплашга етарли даромад олиб келади. Аммо Самарқанднинг имкониятлари ҳозиргидан анча юқори. Шаҳарда туризмни ривожлантириш учун қандай ишлар қилинмоқда? Сайёҳлар фақат тарихий обидаларни томоша қилиш билан чекланадими? Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан суҳбатда шу каби саволларга жавоб олдик.
«Тарихий қисмдаги ҳар қандай қурилиш UNESCO билан бамаслаҳат қилинади»
Самарқанднинг тарихий қисмидаги қурилишлар сабаб кўҳна шаҳар UNESCO’нинг элит рўйхатидан чиқиб қолиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар кўпайди. Ўзбекистоннинг брендига айланган Самарқанднинг бу рўйхатдан чиқиши масаласи эса нафақат шаҳар, балки бутун мамлакат учун аҳамиятли ҳисобланади. Бу борада вилоят ҳокимининг фикри билан қизиқдик.
«Ўзбекистон ҳукумати, шу жумладан Самарқанд ҳам UNESCO рўйхатида қолишни хоҳлайди. Бу ташкилот бирор шаҳарни ўз таркибига киритиш учун югурмайди, аксинча давлатлар бу ташкилотга аъзо бўлиш учун ҳаракат қилишади. UNESCO’га аъзо бўлиш бизга нима беради? Бу доимий сайёҳлар оқимини таъминлайди. Бирор шаҳарнинг UNESCO рўйхатида туриши бу ўша шаҳарнинг расман қадимий деб тан олинганидан дарак беради.
UNESCO бизга пул берадими деб сўрашлари мумкин. Агар тўғри муносабатлар шакллантирилса, бу ташкилот кичик лойиҳаларни молиялаштиришда ҳам қатнашади. Аввал бу ташкилот ҳам бизга қандайдир қаршилик қилмаган, чунки биз узоқ вақт ярим ёпиқ бўлганмиз. Ҳозир ҳам UNESCO ҳадеганда текширувчиларини юбориб қаерда қандай бино қуриляпти деб суриштириб юргани йўқ. Одамларнинг ўзи бу борада хабар бермоқда. Баъзида аслида бўлмаган ишлар ҳам UNESCO’га юборилган ҳолатлар кузатилди. Масалан, Намозгоҳ ҳудудида уйлар бузилаётгани ҳақида ташкилотдан бизга хат келди, аммо биз у ерда аслида ҳеч қайдан бино бузилмаганини кўрсатиб, вазиятни тўғрилаганмиз.
Биз Самарқанд шаҳрини борлигича сақлаб қолишимиз керак. Шаҳарнинг тарихий қисмида баланд уйлар қурилмаслиги президентимиз томонидан ҳам айтилди. Шаҳарнинг тарихий қисмидаги ҳар қандай қурилишлар фақат UNESCO билан ҳамкорликда қилинади. Бу ташкилот билан яхши муносабатлар ўрнатилганини таъкидлашим керак. Шунингдек, тарихий қисмдаги қурилишлар борасида маҳаллий аҳолига ҳам доимий хабар бериб борилади».



















