Марказий банк 2019 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида ички валюта бозори тўғрисида қисқача шарҳ эълон қилди
2019 йилнинг 9 ойи давомида ички валюта бозорида юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган валюта олди-сотди операцияларининг жами айланма ҳажми 24,3 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичга (18,3 млрд. долл.) нисбатан 1,3 баробарга ошди.
Ички валюта бозорида амалга оширилган операциялар қуйидагиларни ўз ичига олади:
Валюта биржаси орқали амалга оширилган операциялар
Валюта биржасининг банклараро савдо сессияларида амалга оширилган валюта олди-сотди операцияларнинг ҳажми 15,5 млрд. долларни ташкил этиб, бундан жами талаб 7,7 млрд. долларга, таклиф эса 4,8 млрд. долларга тенг бўлди.
Талаб ва таклиф ўртасидаги 2,9 млрд. доллар миқдоридаги тафовут Марказий банкнинг соф интервенциялари ҳисобига қопланиб, йил бошидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинган монетар олтин ҳажми (3,0 млрд. долл.) доирасида бўлди. Бу, ўз навбатида, пул-кредит сиёсатидан келиб чиқиб, иқтисодиётга қўшимча киритилган ликвидликни стерилизация қилиш имконини яратди.
Биржадан ташқари валюта бозорида амалга оширилган операциялар:
- Биржадан ташқари валюта бозорида тижорат банклари томонидан амалга оширилган валюта олди-сотди операцияларининг жами ҳажми 5,2 млрд. долларга тенг бўлди. Бунда тижорат банклари мижозлар-юридик шахслардан 3,0 млрд. доллар миқдорида валюта маблағлари сотиб олиб, ўз навбатида уларга 2,2 млрд. доллар миқдорида валюта маблағлари сотилди. Ушбу операциялар натижасида юзага келган 0,8 млрд. доллар миқдоридаги валюта маблағлари тижорат банкларининг ўз ихтиёрида қолиб, ички валюта бозорида қўшимча таклиф шаклланишига замин яратди;
- Валюта айирбошлаш шохобчалари орқали тижорат банклари билан аҳоли ўртасида амалга оширилган валюта олди-сотди (нақд ва нақдсиз шаклда) операцияларининг жами ҳажми 3,6 млрд. долларга етди. Бунда аҳолидан сотиб олинган валюта маблағлари 2,5 млрд. долларни, аксинча уларга сотилган валюта миқдори 1,0 млрд. долларни ташкил этди. Юқоридаги каби, аҳоли билан амалга оширилган операциялар натижасида юзага келган 1,5 млрд. доллар миқдоридаги валюта маблағлари ҳам ички валюта бозорида таклиф яратди.
Тижорат банкларининг аҳоли билан валюта олди-сотди операциялари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 баробарга ошди.

















