Вазирлар Маҳкамасининг “Бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

 Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2020/2021 ўқув йилидан Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги 23-сон болалар мусиқа ва санъат мактабини бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатга айлантириш ҳамда мактаб-интернат учун қўшимча бино ва иншоотларни, шу жумладан, 150 ўринли ётоқхона ва ошхона, 200 ўринли қўшимча  ўқув биносини қуриш бўйича таклифи маъқулланиши мумкин.

Қуйидагилар мактаб-интернатнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

бахшичилик санъати бўйича ўқувчиларга чуқурлаштирилган таълим беришни таъминлаш;

ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ва фаоллаштириш;

ўқувчиларнинг ҳар томонлама камол топиши учун қулай шарт-шароитлар, шу жумладан, ўқувчиларнинг ўз устида мустақил ишлаши ва қўшимча билим олиши учун имкониятлар яратиш;

ҳар томонлама камол топган шахсни тарбиялаш, унда эстетик қадриятларни ва ватанпарварликни шакллантириш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни, маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этиш.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

а) 2020 йил 1 июнга қадар  қадар:

мактаб-интернатни жиҳозлаш учун мебель, компьютер техникаси, ўқув-лаборатория, асбоб-ускуналари ва спорт анжомларининг техник параметрларини ишлаб чиқади;

мактаб-интернатнинг устави тасдиқланиши ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди;

б) 2020 йил 1 сентябрга қадар мактаб-интернатнинг самарали фаолият кўрсатиши, уларнинг ҳар томонлама тўлиқ ишлаш ҳамда малакали педагог кадрлар билан таъминлаш ишларини амалга оширади;

мактаб-интернатга 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларни қабул қилишни ташкил этади;

мактаб-интернатни дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўради.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги билан келишган ҳолда бир ой муддатда мактаб-интернатга қўшимча бино-иншоотлари қурилиши учун ер участкаларини ажратилишини таъминлайди.