Жамият | 10:50 / 13.10.2019
5960
3 дақиқада ўқилади

Сенат раиси: ОТМларда она талабалар учун махсус хоналар ажратиш керак

Ўзбекистонда давлат муассасалари ҳамда ташкилотларида, шунингдек автовокзаллар, аэропортлар ва темир йўл вокзалларида, маданий-кўнгилочар муассасаларда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантириш учун махсус ажратилган жойлар бўлиши керак.

Мазкур норма Сенатнинг 23-ялпи мажлисида маъқулланган «Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида»ги қонунда белгилаб қўйилди.

Қонуннинг 9-моддасида, шунингдек, болани эмизиш учун махсус жойлар бошқа ташкилотларда ҳам ташкил этилиши мумкинлиги кўрсатилган.

«Бу каби хонани ташкил этишнинг ҳеч қандай қийин жойи йўқ, битта хонада ўртага тўсиқ қўйиб қўйса ҳам, шунинг ўзи кифоя. Қўшимча маблағ талаб этмайди. Қонун имзоланганидан сўнг бу борадаги тарғибот ишларини кучайтирамиз», – дейди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.

Сенат раиси Танзила Норбоева вазирнинг сўзларига қўшимча қилди.

«Мумкин деган жойини барибир талаб қилишимиз керак. Олий ўқув юртига ўқишга кираётган талабаларнинг анча қисмини қизлар ташкил қилади, лекин битирувчиларни олиб қарайдиган бўлсак, узилишлар бор. Айрим қизларимиз фарзандли бўлгач, ўқишини ташлаб кетиши ёки академик танаффус олиш ҳолатлари ҳам бор.

Агар олий ўқув юртларида ҳам махсус жойлар ажратиладиган бўлса – битта хона, бунинг қийинчилик жойи йўқ – ўша қизларимизга ҳам шароит яратилган бўларди. Масалан, онаси ёки турмуш ўртоғи келиб, боласини овқатлантириб олиб кетиши мумкин. Қизларимиз кечгача ўқимайди-ку барибир.

Шу шароитларни мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилот, корхона, муассасаларда жорий қилиш мақсадга мувофиқ. Айниқса аёллар кўпроқ ишлайдиган жойларда. Тарғиботга катта эътибор беришимиз керак», – деган Сенат раисининг сўзларини келтирди Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, қонунга асосан бир ёшгача бўлган бола – гўдак, бир ёшдан уч ёшгача – кичик ёшдаги бола деб юритилади.

Мавзуга оид