Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий инвесторлар учун инвестиция визаси жорий этилганлиги ҳамда улар ва уларнинг оила аъзоларининг республика ҳудудида бўлиши учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари ва Ўзбекистон Республикасидан кетишлари тартибида белгилаб қўйилишича, инвестиция киритиш вақтида Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда хўжалик жамиятларининг акциялари ва улушларини сотиб олиш, шунингдек, хорижий инвестициялар иштирокида корхона ташкил этиш шаклида Ўзбекистон Республикасига инвестиция киритган хорижий фуқароларга кўп марталик уч йиллик инвестиция визаси (инвестиция визаси) берилади ва унинг амал қилиш муддати Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш заруратисиз чекланмаган миқдорда узайтирилади.
Бунда инвесторнинг оила аъзоларига (турмуш ўртоғи, ота-онаси ва фарзандлари) инвестиция визаси амал қилиш муддатига мос равишда меҳмон визаси республикадан чиқмасдан туриб узайтириш ҳуқуқи билан расмийлаштирилади.
Шунингдек, инвестиция визаси ноэлектрон шаклда берилган ишбилармонлик кириш визаси, меҳмон визаси ва ватандошлар учун кириш визаси бўйича Ўзбекистон Республикасига келган хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ички ишлар ҳудудий органлари томонидан берилади ва узайтирилади.
Хорижий фуқаро Ўзбекистон Республикасига инвестиция визаси билан келган тақдирда уни узайтириш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар ҳудудий органлари томонидан амалга оширилади.
Хорижий фуқаро инвестиция визасини олиш ва узайтириш учун вақтинча яшаш жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ҳудудий бўлинмаларига хорижий инвестициялар иштирокидаги корхонасидан илтимосномани, шунингдек, киритилган инвестициялар тўғрисидаги тегишли маълумотномалардан бирини илова қилиб ва миллий паспортни кўрсатиб белгиланган шаклдаги анкета билан мурожаат қилади.
Маълумотнома:
“Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” давлат корхонаси томонидан - хўжалик жамиятларининг сотиб олинган акциялари миқдори тўғрисида;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан - хўжалик жамиятларининг сотиб олинган улушлари миқдори, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий инвестициялар иштирокида корхоналар ташкил этилганлиги тўғрисида берилади.















