Жаҳон | 14:31 / 15.10.2019
4814
2 дақиқада ўқилади

Каталония мустақиллиги тарафдорлари темир йўлларни тўсиб қўйишди

Фото: Europa Press

Испания олий судининг 2017 йилда Каталония мухторияти мустақиллиги бўйича ноқонуний референдум ўтказишга алоқадор бўлган каталониялик сиёсатчиларга жазо ҳукми чиқарганидан норози бўлган намойишчилар Матаро муниципалитетида темир йўл участкаларидан бирини тўсиб қўйишди. Бу ҳақда Periodico газетаси хабар берди.

Душанба куни Испания олий суди 12 нафар каталониялик сиёсатчини айбдор деб топди. Улардан тўққиз нафари исён кўтаришга алоқадорликда айбланиб 9 йилдан 13 йилгача озодликдан маҳрум қилинди. Бунинг ортидан Каталонияда норозилик намойишлари бошланиб кетди. Мухторият мустақиллиги тарафдорлари Барселона, Таррагона, Жирона ва бошқа шаҳарлар кўчаларига чиқишди.

Periodico нашрининг маълумот беришича, мустақиллик тарафдори бўлган CDR ҳаракати аъзолари Матаро-Барселона темир йўл участкасини тўсиб қўйиши оқибатида поездлар қатнови тўхтатилган.

Шунингдек, Барселона-Жирона йўналишидаги темир йўлларга шикаст етгани учун ҳаракатланиш тикланмаган.  

Хабар қилинишича, Барселонага элтувчи автомагистралларда ҳам қатнов қийинлашган бўлиб, йўлларда бир неча километрлик тирбандликлар кузатилмоқда.

Мавзуга оид