Kun.uz таҳририятига август ойи бошида Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси ходими Гулчеҳра Султонметовадан мурожаат келиб тушганди.

Унда айтилишича, Тошкент шаҳар ҳокимиятига Тошкент шаҳар кўзи ожизлар кутубхонасини очиш бўйича бир неча бор мурожаат қилинган. Бироқ хат ижроси таъминланиши билан боғлиқ муаммолар кузатилган: ижрочи меҳнат таътилига кетгани рўкач қилиниб, ижроси пайсалга солинган.  

Жорий йилнинг 11 июнь куни Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси томонидан қайта юборилган 179-сонли хат ижроси август ойига қадар таъминланмагани ҳам мурожаатда келтириб ўтилган.

Ушбу мавзуни ўрганиш мақсадида Kun.uz мухбири Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонасига борди.

Кутубхона директори Раҳим Убайдуллаевнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида 4 мингдан ортиқ кўзи ожиз фуқаро истиқомат қилаётган бўлишига қарамай уларга хизмат кўрсатадиган шаҳар кутубхонаси ҳам, туман филиаллари ҳам мавжуд эмас. Ҳозирги пайтда Республика кўзи ожизлар кутубхонаси гарчи шаҳардаги кўзи ожиз фуқароларга хизмат қилаётган бўлса-да, бу ҳудуддаги махсус кутубхонага эҳтиёжи бор аҳоли қатламини тўлиқ қамраб ололмайди.

Кутубхона раҳбарияти томонидан ахборот берилишича, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 2017 йил 14 июнда тасдиқланган қўшма қарорда 250 нафар кўзи ожиз фойдаланувчилар яшайдиган туман ва шаҳарларда Республика ва вилоят кўзи ожизлар кутубхоналарининг филиалларини ташкил этиш ҳамда бир ставка филиал мудири штатини ажратиш ва ҳар қўшимча 150 нафар кўзи ожиз фойдаланувчи учун 0.5 ставка кутубхоначи штати ажратилиши белгилаб қўйилган.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 18 сентябрда қабул қилинган 739-сонли «Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорда ҳам «Махсус ахборот-кутубхона муассасалари томонидан ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш учун ногиронлиги бўлган шахслар тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш мақсадида республикадаги 1, 2 ва 3-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш, рўйхатни ҳар уч йилда янгилаб бориш. Шакллантирилган рўйхат асосида 250 нафар кўзи ожиз ногиронлиги бўлган шахслар яшайдиган туман(шаҳар)ларда янги кўзи ожизлар кутубхонаси филиаллари ташкил этиш чораларини кўриш» тўғрисида алоҳида банд келтирилган.

Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда Тошкент шаҳрида янги кўзи ожизлар кутубхонасини очиш тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.