Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Агентлик архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона сиёсат олиб борувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.

Агентлик тизимига қуйидагилар киради:

Агентлик марказий аппарати;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармалари;

Ўзбекистон Миллий архиви;

Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви;

Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви;

Қорақалпоғистон марказий давлат архиви, Тошкент шаҳар марказий давлат архиви, вилоят, шаҳар ва туман давлат архивлари ва уларнинг филиаллари, шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари;

Архив иши ва иш юритиш бўйича малака ошириш илмий-методик маркази.

Ҳудудий бошқармалар Агентликка, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳисоб беради.

Давлат архивлари Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ва тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига ҳисоб беради.

Ўзбекистон Миллий архиви, Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви, Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви, Марказ Агентликка ҳисоб беради.

Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш ва назоратини амалга ошириш;

Миллий архив фонди ҳужжатларини жамлаш, уларнинг сақланишини, давлат ҳисобига олинишини таъминлаш ва улардан кенг фойдаланиш;

ҳудудий бошқармаларни, миллий архивлар ва давлат архивларини бошқариш ва уларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш;

архив хизматларини кўрсатишда нодавлат секторини янада ривожлантириш, архив иши соҳасида давлат-хусусий шериклик учун қулай шарт-шароитлар яратиш;