Шу йил 11 сентябрда қабул қилинган «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонига асосан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ташкил этилди. 

Ушбу агентликка бевосита истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга реклама бозорини тартибга солиш вазифаси юклатилди.

Kun.uz мухбири Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Дилшод Азимов билан ташқи рекламалар ва уларнинг назорати мавзусида суҳбатлашди.

Унинг таъкидлашича, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги тузилиши билан реклама соҳасида ягона назорат қилувчи давлат органи ташкил этилди. Бунга қадар ушбу функцияни собиқ Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси бажариб келаётганди.

Рақобат қўмитаси 2019 йил январида тугатилгач, шу вақтдан бошлаб то сентябрда юқоридаги фармон қабул қилиниб, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ташкил этилишигача бўлган оралиқ вақт – 8 ой давомида алоҳида ташкилот реклама масаласи назорати билан шуғулланмаган.

– Кўчалардаги турли баннерларда жойлаштирилган ташқи рекламалар қай тартибда жойлаштирилади ва назорат қилинади?

– Ташқи рекламалар – шаҳарнинг юзи. Кўпчиликнинг фикрича, шаҳарда нима реклама қилинаётганига қараб, ҳудуднинг иқтисодий аҳволи ҳақида фикр юритиш мумкин. Мен ҳам ташқи рекламалар иқтисодиётнинг кўрсаткичи деб биламан. Айтайлик, қиммат машина реклама қилинаётган баннерга кўзингиз тушса, демак, бу шаҳарликларнинг уни сотиб олишга қурби етишини англатади.

2018 йил 30 августда Вазирлар Маҳкамасининг томонидан қабул қилинган «Ташқи рекламаларни жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, реклама бўйича қатор янгиликлар қилинди.

Унда ташқи реклама учун ерларни аукцион орқали бериш кўзда тутилган. Агар олдинлари ҳудуддаги ҳокимликларга бориб, «Мен шу ҳудудда реклама баннерини жойлаштирмоқчиман» деб сўрасангиз, «ҳа» ёки «йўқ» деган жавобни беришарди. Розилик ололмасдан кетган талабгорнинг эртаси куни ўша ерга бошқа реклама осилганини кўриш ҳоллари ҳам учраб турарди.

Аукцион орқали реклама ҳудудларининг сотилиши билан эса коррупцион ҳолатларнинг олдини олишни мақсад қилганмиз. Оддийгина мисол: машина рақамларининг аукцион орқали сотила бошлагани ҳам соҳада турли тартибсизликларнинг олдини олишга ёрдам бергани сир эмас. Худди шундай, реклама учун жойларнинг ҳокимият томонидан онлайн рўйхати тасдиқланиши ва унинг аукционга қўйилиши билан хоҳлаган тадбиркор савдода қатнашади ва ўз конструкцияларини ўрнатилган тартибда ўша ҳудудга қуради.