«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди. Тегишли ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган.

 Қонуннинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

 оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги;

 оммавий ахборотлар воситалари фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳамда хавфсизлигини ҳимоя қилиш устуворлиги;

 оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

 оммавий ахборотлар воситалари фаолияти соҳасида сўз эркинлиги, ошкоралик ва очиқлик;

 оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги.

Оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги

 Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркиндир.

 Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир.

 Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

 Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 Оммавий ахборотлар воситалари фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳамда хавфсизлигини ҳимоя қилиш устуворлиги

 Оммавий ахборотлар воситалари фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳамда хавфсизлиги давлат ҳимоясида бўлади.

 Оммавий ахборотлар воситалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича имтиёзлар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда бошқа имтиёзлар берилиши мумкин.