Сўнгги вақтларда аукцион орқали ер-мулк сотиб олган фуқароларнинг мулклари билан боғлиқ муаммолар тез-тез учраб турибди. Яъни, очиқ аукцион орқали сотиб олинган мулклар қайтариб олиб қўйилмоқда ёки тан олинмаяпти.
Kun.uz таҳририятига 34 нафар фуқаро номидан мурожаат келиб тушди. Мурожаат айнан аукцион орқали сотиб олинган ер масаласи ҳақида.
Маълум бўлишича, фуқаролар томонидан очиқ аукцион орқали сотиб олинган ерга ҳоким қарори чиқарилган ва тегишли тартибда кадастр ҳужжатлари берилган. Бироқ фуқаролар сотиб олган ерига кира олишмаяпти.
Ҳолатни ўрганиш мақсадида Тошкент вилояти Тошкент тумани «Дархон» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, шу муаммолар гирдобида қолиб кетган фуқаролар билан суҳбат қилдик.
«Узоқ йиллар давомида ижтимоий ҳимояга ва уй-жойга муҳтож бўлганимиз сабабли 2018 йил 10 октябрь куни «Кўчмас мулк савдо хизмати» МЧЖ томонидан ўтказилган очиқ аукцион савдолари орқали Тошкент тумани, Юнусобод ҳудуди, «Дархон» МФЙдаги 24-контурда жойлашган ер майдонидан 0,04 сотихдан иборат ер участкасини ғолиблик баённомаларига асосан ютиб олдик.

Шунга кўра, ҳар биримиз билан ютиб олган ер учун тўрт томонлама шартномалар тузилиб, белгиланган тўловларни 100 фоиз амалга оширдик. Шунингдек, ютиб олинган ерларимиз учун Тошкент туман ҳокимлиги томонидан «ер участкасини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисида»ги қарорлари чиқди. Мазкур қарорларга асосан, «Ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисида»ги бизнинг номимизга гувоҳномалар ҳам берилиб, эгалик ҳуқуқини олдик.
Аммо Тошкент тумани Юнусобод ҳудуди 24-контурда очиқ аукцион савдолари орқали сотиб олган ерларга, туман ҳокимининг қарори, ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизматининг гувоҳномаларига асосан эгалик ҳуқуқимиз бўлатуриб, ушбу ер участкасига киришимизга тўсқинлик қилинмоқда», дейди мурожаатчилардан бири Нодирбек Шамсуддинов.
Бу ерга йиғилган фуқароларнинг барчасида шу муаммо. Улар аукцион орқали сотиб олган ерига эгалик қила олмай, бир неча йилдан буён сарсон бўлишмоқда.
Таҳририятга мурожаат йўллаган фуқаролар аукционда иштирок этиб, ҳар бири 4 сотихдан ер сотиб олган. Аммо, айни пайтда Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институтининг «Дархон» илмий-тажриба хўжалиги ерни шартнома асосида тадбиркорга ижарага берган.



















