Тошкентда салкам 500 грамм олтинни ютиб, хорижга чиқмоқчи бўлган фуқарога суд ҳукми ўқилди
Тошкентда ярим килограммга яқин олтинни ичига ютган ҳолда хорижга олиб чиқиб кетмоқчи бўлган эркакка суд ҳукми ўқилди. Унга маошининг 15 фоизини давлатга ўтказиб, 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Судланувчи ўғил фарзанд кўриш учун шундай йўл тутганини айтмоқда.
Фуқаро Х.Г. шу йилнинг 25 июль куни 14 дона қуйма олтин бўлакларини 2 дона резина ўрамига солиб, топишни қийинлаштирадиган бошқа усуллардан фойдаланган ҳолда бу ўрамларни ютиш йўли билан ошқозонига жойлаштиради.
Эртасига И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига келиб, «Тошкент-Армитсар» йўналиши бўйича Ҳиндистонга учиб кетиш учун «яшил йўлак» орқали ҳаракатланаётган вақтида «CONPASS DV» сканери орқали унинг ички аъзолари текширилади. Натижада эркак танасида номаълум металл ашёлари борлиги аниқланади.
Шундан сўнг айбланувчи Х.Г.нинг йўғон ичагидан божхона назоратидан яширилган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган, резиналарга ўралган жами 14 дона сариқ рангли олтин қуймалари олинади.
ИИВ Эксперт-криминалистика марказининг экспертиза хулосасига кўра, фуқаро Х.Г.дан олинган 14 дона ашёвий далиллар – асоси (пробаси) 900дан юқори бўлган олтин қоришмасидан тайёрланган бўлиб, қимматбаҳо металлар туркумига киради ва уларнинг умумий вазни 434,60 граммни ташкил қилиб, баҳоси 154.038.407 сўмга тенг.
Судланувчи суд мажлисида бу жиноятга қўл уриш сабабини ўғил фарзандли бўлиш истаги билан изоҳлади.
Унинг сўзларига кўра, Ҳиндистонда тиббий муолажа олишни хоҳлаган, лекин бунга етарли пули бўлмаган. Натижада онасидан қолган тахминан 400 граммдан ошиқроқ олтин қуйма бўлакларини сотишни режалаштирган. Олтинни Ҳиндистоннинг ўзида қимматроққа сотиш мумкинлигини эшитган судланувчи юқорида айтилганидек йўл тутишга қарор қилган. У олтинни сотгач, рафиқаси билан Ҳиндистонда даволанишни режалаштирганини айтиб ўтди.
Эътиборлиси, иккита олийгоҳни тамомлаган Х.Г.нинг айтишича, у қилмиши жиноят эканини билмаган.
Мазкур иш 17 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сергели туман судида кўриб чиқилди. ЖКнинг 182-моддаси 2-қисми «а» бандига асосан, айбланувчига икки йил ахлоқ тузатиш ишлари ва бу муддат мобайнида маошининг 15 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш жазоси тайинланди.
У олиб чиқиб кетмоқчи бўлган 14 дона, пробаси 900дан юқори бўлган олтин қоришмасидан тайёрланган, умумий баҳоси 154.038.407 сўмни ташкил этадиган 434,60 грамм олтин қуймалари давлат фойдасига мусодара қилинди.
Мавзуга оид
11:40 / 10.11.2024
Олтин ва кумуш арзонлашди, Bitcoin нархи кескин ошди - халқаро молия бозори шарҳи
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
17:05 / 02.11.2024
Ўзбекистон сентябр ойида энг кўп олтин сотган давлатлар қаторига кирди
21:33 / 29.10.2024