Абхижит Банержи, Эстер Дюфло ва Майкл Кремер – 2019 йилги Нобель мукофотининг иқтисодиёт бўйича лауреатлари. Улар глобал қашшоқликка қарши курашдаги экспериментал ёндашувлари учун нуфузли совринга лойиқ кўрилди.

«Бу иқтисодчиларнинг асосий ютуғи нимада?» деган саволга Forbes нашри қатор мутахассислардан жавоб олди. Экспертларга кўра, лауреатларнинг меҳнати маҳсули нафақат илмий ҳамжамият, балки кўплаб мамлакатлар ҳукуматлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ҳинд-америкалик Абхижит Банержи ва француз-америкалик Эстер Дюфло оилавий жуфтлиги Массачусетс технология институтида иқтисодиёт фанидан дарс беради. Эр-хотин Бостонда жойлашган Абдул-Латифа Жамил номидаги Қашшоқликка қарши кураш лабораториясини ҳам бошқариб келмоқда.

Америкалик Майкл Кремер эса – Ҳарвард университети профессори, Қашшоқликка қарши курашиш учун инновациялар институтида илмий маслаҳатчи бўлиб ишлайди.

Умуман, Нобель мукофотининг бир йўналишда бирваракайига уч кишига топширилиши тарихда 7-марта кузатиляпти. Эстер Дюфло эса иқтисодиёт бўйича бу совринни қўлга киритган тарихдаги иккинчи аёл бўлди.

Иллюстрация: Niklas Elmehed / The Nobel Prize

Ҳақиқий инқилоб

«Бу одамлар бутун дунёда иқтисодчилар ишлаётган ландшафтни жуда сезиларли ўзгартириб юборишди. Улар ҳақиқий инқилобни амалга оширдилар», — дейди Россия иқтисодиёт мактаби ректори Рубен Ениколопов.

«Бу йилги Нобель мукофоти профессионал иқтисодчиларга улар «олий илм-фан»ни амалиёт билан максимум уйғунлаштиргани, яъни давлат дастурлари самарадорлигига баҳо беришгани учун топширилди.

Кремер, Банержи ва Дюфло таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида биринчилардан бўлиб реал ҳаётий экспериментларни ўтказишди. Шу орқали улар бу – самарадорликни баҳолашнинг нафақат илмий асосланган, балки ўта эффектив методи эканига барчани – ҳам илмий ҳамжамият, ҳам ҳукуматларни ишонтиришди. Бу методлар қаерда қўлланса, ўша ерда вазифаларнинг вақтида бажарилиши кўрсаткичи ошади, сув тозароқ бўлади, коррупция чекинади», – дейди Чикаго университети профессори Константин Сонин.