Митч Макконелл - Республикачилар партиясидаги энг нуфузли шахслардан бири
Унинг Трамп маъмуриятига танқиди катта сиёсий аҳамиятга эга ҳисобланади / EPA

У яқиндагина Туркия ва Суриядаги вазиятни АҚШ учун «стратегик ажойиблик» деб атаган Трампнинг сўзларига шу тариқа оҳангдошлик билан муносабат билдирган.

«Чегарадаги муаммо уларники. Бу бизнинг чегара эмас ва биз бунинг учун америкаликлар ҳаёти билан тўлов қилмаслигимиз керак», деганди Трамп чоршанба куни Оқ уйдаги матбуот анжуманида.

9 октябрь куни америкалик ҳарбийлар Сурия шимолидаги ҳудуддан кетиши муносабати билан Туркия армияси «хавфсиз ҳудуд» барпо этиш мақсадида Сурия ҳудудига кирганди. Анқаранинг мақсади - Туркияга душман деб ҳисобланувчи суриялик курдларни ўз чегараларидан узоқроққа суриб ташлаш ва бу ҳудудга Туркияда яшаб келаётган миллионлаб суриялик қочқинларни жойлаштириш.

Ўтган ҳафтада АҚШ воситачилигида Туркия 5 кунга ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга рози бўлди, аммо томонлар бир-бирини келишувга амал қилмасликда айблашди. Мустақил манбаларнинг хабарларига кўра, келишув ҳақидаги хабарлардан кейин ҳам ҳудудда ҳарбий тўқнашувлар давом этмоқда.

Халқаро гуманитар ташкилотларнинг прогнозларига кўра, Туркия «Тинчлик булоғи» номли амалиётини бошлаганидан буён юздан ортиқ киши ҳалок бўлди, 300 мингга яқин киши ўз бошпаналарини ташлаб, Суриянинг марказий ҳудудларига кўчишга мажбур бўлди.

Курдлар этник тозалаш қурбонига айланиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ҳам бор. Бундан ташқари, айрим тасдиқланмаган хабарларга кўра, Туркия Сурияда кимёвий қурол ишлатган, бу эса ҳарбий жиноят ҳисобланади.

Макконелл нималар деди?

Туркия ва курдлар келишуви ҳақидаги хабарлардан кейин курдлар ҳудудида бир неча портлашлар рўй берди / AFP

Митч Макконеллнинг фикрича, Трампнинг АҚШ ҳарбийларини Сурия шимолидан олиб чиқиш қарори стратегик хато бўлган.

«Туркия-курд қарама-қаршилиги кучайган вақтда америкалик ҳарбийлар Сурия ҳудудидан олиб чиқилиши — стратегик нуқтайи назардан тунги даҳшатнинг ўзгинаси», — дея ёзган сенатор Washington Post нашридаги колонкасида.