Биринчидан, айнан болаларда учрайдиган тиш касалликларини даволаш – алоҳида соҳа.

Андижон вилоятидаги 14та шаҳар ва туманларнинг давлат поликлиникаларида стоматологлар фаолият юритишяпти. Бундан ташқари, ҳозир барча ҳудудларда хусусий тиш даволовчи муассасалар ҳам кўп. Лекин, ҳаммамиз биламиз, ёш болалар тиш дўхтирларини ёқтиравермайдилар. Тишларини даволаш пайтида бақир-чақир қилиши, йиғлаши тайин.

Болалар нозик, тиш оғриғи эса азобли. Катталар тишини даволовчи стоматологлар ҳар доим ҳам болаларни даволашга уринмайди. Шунинг учун вилоят марказидаги тиш касалликлари поликлиникасига энг чекка туманлардан ҳам бемор болажонларни олиб келишади.    

Иккинчи сабаб, мазкур поликлиникада Андижон тиббиёт институтининг иккита кафедраси иш олиб боради. 450 нафар талаба  ўқув жараёни ва амалиётни шу ерда ўтайди. Касб назарияси ва амалиётини ўрганиш учун шароитлар етарли.

Андижон шаҳри Байналминал кўчасида жойлашган вилоят болалар стоматология поликлиникасини бошқа ерга кўчириб, ўрнига боғча ёки кўп қаватли уй қурилиши мўлжалланаётгани ҳақида ўқигач, воқеага ойдинлик киритиш учун муассасага бордик.

Афтодаҳол, эски биноларни кўрамиз, деган хаёлда эдик. Ундай бўлиб чиқмади. Икки қаватли бинойидек бино. Шанба куни бўлишига қарамай, поликлиника лунжини ушлаб олган болажонлар ва уларнинг ота-оналари билан гавжум эди.

Поликлиника бир кунда 400дан зиёд бемор болаларга хизмат қилар экан.

Андижон давлат тиббиёт институти стоматология ва стоматологик касалликлар пропедевтикаси кафедраси ходимлари – Иродахон Содиқова, Феруза Раҳмонова ва Махфират Расулова билан суҳбатда бўлдик. Талабалар қуршовида ёш болани даволаётган врачлар вақт ажратиб, масала юзасидан изоҳ беришди.