Жаҳон | 01:25 / 22.10.2019
17065
2 дақиқада ўқилади

Чехия контрразведкаси Россия жосуслик тармоғини фош этганини маълум қилди

Маълум қилинишича, жосуслик тармоғини Россия разведка хизмати билан алоқадор ҳамда Россия ва унинг элчихонаси томонидан молиялаштирилган шахслар ташкил этишган.  

Фото: Reuters

Чехия хавфсизлик ва ахборот хизмати (BIS) бошлиғи Михаил Коуделка унинг идораси ва Чехия полицияси Россиянинг Прагадаги элчихонаси орқали фаолият кўрсатган жосуслик тармоғини фош этганини маълум қилди.

"Ушбу тармоқ бутунлай йўқ қилинди", - дея унинг сўзларидан иқтибос келтирди ОАВ. 

BIS раҳбарининг сўзларига кўра, жосуслик тармоғини "Россия разведка хизмати билан алоқадор ҳамда Россия ва унинг элчихонаси томонидан молиялаштирилган шахслар ташкил этишган".

Коуделканинг таъкидлашича, тармоқ аъзолари Чехия ва бошқа давлатлардаги нишонларга интернет орқали ҳужум қилишни режалаштирган. У шунингдек, мазкур тармоқ Россия Европанинг бошқа давлатларида ташкил қилган йирик тармоқнинг бир қисми бўлганини айтди. 

2018 йил декабрда BIS ўз ҳисоботида Россия ва Хитой 2017 йилда Чехия ҳудудда разведка фаолиятини кучайтирганини маълум қилганди.  

Чехиялик таҳлилчиларнинг фикрича, Россиянинг мақсади НАТО ва ЕИни уларнинг аъзоларини кучсизлантириш орқали парчалаб ташлашдир. 

Мавзуга оид