Ассалому алайкум, муҳтарам юртдошлар!

Азиз дўстлар!

Авваламбор, мана шу қувончли айёмда барчангизни азим пойтахтимизнинг марказида барпо этилган, куни кеча ишга туширилган муҳташам ва улуғвор кошонада хуш кайфиятда кўриб, қутлаб турганимдан ғоятда бахтиёрман.

Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни тарихий сана – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Маълумки, Ўзбекистоннинг замонавий қиёфасини яққол намоён этадиган янги бино ва иморатлар бугун барча шаҳар ва вилоятларимизда кўплаб қад кўтармоқда. 

Албатта, уларнинг орасида “Тошкент-Сити” ишбилармонлик маркази алоҳида ажралиб туради.

Гувоҳ бўлиб турганингиздек, “Тошкент-Сити” маркази ўзининг меъморий қиёфасида шаҳарсозлик санъатининг энг сўнгги ютуқларини, архитектура, муҳандислик ва дизайнерлик борасидаги ноёб ва улкан салоҳиятни яққол мужассам этади. 

Майдони 80 гектардан иборат ушбу марказни қуришдан асосий мақсад – замонавий, “ақлли шаҳар” барпо этиш, халқаро, хорижий ва маҳаллий банк-молия тузилмалари ва инвесторлар учун жонажон Ватанимиз, биринчи навбатда, гўзал пойтахтимиз жозибадорлигини оширишдан иборат.

Биз Ўзбекистон тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясини изчил амалга ошираётганимиздан халқимиз ва халқаро ҳамжамият яхши хабардор, албатта. “Тошкент-Сити” марказини барпо этиш ғояси ҳам, айнан ўша стратегия билан бир пайтда туғилган эди.

Ўзбекистон тажрибасида биринчи бўлган шундай катта миқёсдаги ва ноёб лойиҳани амалга ошириш учун кўп нарсани янгитдан ўрганишимиз, тинимсиз изланишга тўғри келди. 

Қурилиш майдони 1 миллион 600 минг квадрат метрга тенг бўлган янги марказнинг 30 фоизини уй-жойлар, 30 фоизини офислар учун бинолар, яна 30 фоизини савдо мажмуалари, 10 фоизини меҳмонхоналар фонди ташкил этади. 

Барчангиз кўриб турибсиз, бугун бу ҳудудда улкан бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда. Насиб этса, 2021 йилда қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, ушбу марказ халқимизга ва пойтахтимиз меҳмонларига хизмат қилишни бошлайди.

Қисқача айтганда, “Тошкент-Сити” маркази Ўзбекистонда қурилиш ва архитектура соҳасида тараққиётнинг янги даври бошлангани, бу соҳада биз кўп нарсага қодир эканимизни кўрсатади, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ўзининг очиқ ва конструктив сиёсати билан минтақамиздаги йирик сиёсий, иқтисодий ва маданий марказга айланиб бормоқда. Жаҳондаги нуфузли халқаро ташкилот ва тузилмалар, молиявий институтлар, ишбилармон доиралар томонидан Ўзбекистонда қатор тадбирлар, анжуман ва учрашувлар ўтказилмоқда. Табиийки, келгусида бу жараёнлар янада кучаяди, Ўзбекистон яна кўплаб йирик халқаро саммитлар, форум ва симпозиумларга мезбонлик қилади.