Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш тизими янада такомиллаштирилади. Президентнинг тегишли фармони лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
2019 йил 1 апрелдан бошлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига қуйидагиларни назарда тутувчи соддалаштирилган ижро иши юритиши институтини жорий қилиш мўлжалланмоқда:
Жисмоний шахслардан маъмурий жарима, солиқ қарзи ва давлат божларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари мажбурий ижроси соддалаштирилган ижро иши юритиши тартибида, унинг ижроси натижасиз бўлганда – умумий белгиланган тартибда амалга оширилади;
соддалаштирилган ижро иши юритиши доирасида ундирув қарздор билан мулоқотга кирмасдан ва унинг яшаш жойига бормаган ҳолда, фақатгина қарздорнинг банкдаги ҳисоб рақамларини қидириш ва ундан (шу жумладан, пластик карточкадан) қарздорликни сўзсиз ечиб олиш орқали масофавий амалга оширилади, ижро ҳужжати бўйича қарздорлик (ижро йиғими суммасидан ташқари) меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кўп бўлмаган ҳолларда эса, қарздорликни иш ҳақига қаратиш орқали амалга оширилади;
мазкур банднинг учинчи хатбошида кўрсатилган мажбурий ижро чораларини қўллаш қарздорга ижро ҳужжати талабларини ихтиёрий ижро этиш учун беш календарь куни тақдим этиш ва ижро иши юритишни қўзғатмасдан амалга оширилади, бу ҳақда қарздорга тегишли хабарнома юборилади;
соддалаштирилган ижро иши юритиши тартиб-таомиллари доирасида қарздорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 198-1-моддасида (Қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этмаслиги) назарда тутилган санкция қўлланилмайди;
соддалаштирилган ижро иши юритиши тартиб-таомиллари доирасида амалга оширилган ижро ҳаракатлари вақти қонунда белгиланган мажбурий ижро муддатига кирмайди.
Бош прокуратура ва Марказий банкнинг қуйидагиларни назарда тутувчи алимент мажбуриятларининг ягона банк ҳисобварағини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинади:
ижро ҳужжатлари бўйича алментлар суммаларини киритиш ва ечиб олишга, шу жумладан қарздорларнинг ойлик маошларидан ушлаб қолишга мўлжалланган ҳар бир ижро ҳужжати бўйича ягона банк ҳисоб рақамида илова ҳисобварақларини очиш;
ягона банк ҳисоб рақами бўйича маблағларнинг ҳаракатланишини ва қарздорнинг алимент мажбуриятларининг бажарилишини мониторинг қилиш учун ягона банк ҳисоб рақамини Бюронинг MIB PORTAL ахборот тизими билан интеграция қилиш.















