Кеча «Лестер»нинг сафардаги рақиб дарвозасига жавобсиз тўққиз гол уриши билан навбатдаги уикенд ҳам бошланди. Эътиборингизга шанба-якшанба кунларини футбол томоша қилиш билан ўтказмоқчи бўлганлар учун қўлланмани тақдим қиламиз.

ШАЛЬКЕ - БОРУССИЯ Д (26 октябрь, 18:30)

Бундеслига деганда, асосан, «Бавария»нинг гегемонлиги ва баъзида унга қаршилик қилувчи жамоалар тушунилади. Аммо у ерда ҳам ўзига хос тарихий тўқнашувлар борки, Германия бундай ўйинларни эътиборсиз қолдирмайди. Шундай ўйинлардан бири Рур дербисидир. Салкам юз йиллик тарихга эга бўлган бу дербининг қаҳрамонлари эса, Гилзенкирхеннинг «Шальке» ва Дортмунднинг «Боруссия» клубларидир.

Бугун Германия чемпионати шу қадар қизиқарли кечмоқдаки, жадвалнинг юқори қисмидаги жамоалар иштирокидаги ҳар қандай учрашув турнир жадвалида пешқадамни аниқлаб бериши мумкин. Тасаввур қилинг, 9-ўринда «Байер» ва 1-ўринда бораётган Менхенгладбахнинг «Боруссия» клублари ўртасидаги фарқ атиги 2 очкони ташкил қилмоқда, холос. Рур дербиси иштирокчилари ҳам мана шу ўртада жойлашган - «Шальке»да худди «Байер»да бўлгани каби 14 очко бўлса, дортмундликлар 15 очко билан тўртинчи ўринни банд этган.

«Шальке» турнир жадвалида юқори ўринларга даъвогарлик қилаётган бўлса-да, октябрь ойини ёмон ўтказди ва икки ўйинда атиги 1 очко олди, холос. Сентябрда эса, жамоа уч ўйинни ғалаба билан якунлаб, жами рақиблар дарвозасини 10 марта аниқ ишғол қилганди. «Боруссия» Бундеслигада август ойидан бери мағлубиятга учрамаган бўлса-да, жуда кўп ўйинларни дуранг билан якунлаяпти. Сўнгги 4 ўйиннинг 3тасида бир хил - 2:2 ҳисоби қайд этилган. Ачинарлиси, бу ўйинларнинг барчасида «Боруссия» ҳисобда олдинда борган ҳам эди. Бу паллада табиийки, айнан икки йил олдинги Рур дербиси эсга тушади. Ўшанда дортмундликлар биринчи бўлимни 4:0 ҳисобида ўз фойдаларига ҳал қилишган, лекин танаффусдан кейин, меҳмонлар 4 гол уриб, ҳисобни тенглаштиришганди. Бу ўйин дерби тарихидаги энг кўп гол урилган дуранг ҳисобланади. Ўтган мавсумдаги ҳар икки учрашувда меҳмон бўлган жамоа ғалаба қозонишга муваффақ бўлганди.

Таркибларга келсак, ҳар икки жамоада жароҳатланганлар деярли йўқ, фақат «Шальке»дан Нобил Бенталебни тилга олсак бўлади. Лекин, Фавр шогирдлари ҳафта ўртасида «Интер»га қарши сафар учрашувида майдонга тушгани учун, балки спорт формаси тарафидан «Шальке»нинг имконияти яхшироқ кўриниши мумкин.

АТЛЕТИКО - АТЛЕТИК (26 октябрь, 23:55)