Kun.uz сайтида «Ғиждувонлик муаллиманинг сирли ўлими: унинг яқинлари қотил(лар) жазоланишидан умидвор» сарлавҳаси остида Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 10-мактабда 26 йилдан буён бошланғич таълим ўқитувчиси сифатида ишлаб келган ва 2018 йил 4 январда сирли тарзда ўлим топган бошланғич синф ўқитувчиси Гулмира Нуриддинова билан боғлиқ воқеа ёритилган эди.

Унда марҳумнинг яқинлари Г.Нуриддинова врач Салоҳиддин Холов ўз уйида очган ЯТТ шаклидаги клиникада даволана туриб вафот этгани, ўлим сабаби Ғиждувон тумани суд-тиббий эксперти Фахриддин Аҳмедовнинг хулосасига кўра атай ўзгартирилгани ҳақидаги иддаолари илгари суришган эди.

Марҳумнинг жасади С.Холовнинг уй клиникасидан қарийб 7 км наридаги Катта Жаъфари ариғи ичидан топилган, унга сувга чўкиб ўлиш ташхиси қўйилган эди.

Дастлабки тергов ҳужжатларига кўра, С.Холов ва унинг яқинлари ҳамда Ф.Аҳмедов айбловларни рад этишган. Уларнинг бу борадаги мурожаатлари аввало Ғиждувон туман ҳуқуқ тартибот органлари, чунончи туман прокуратураси томонидан мутлақо эътиборсиз қолдирилади. Г.Нуриддинова вафот этгани ҳолатида жиноят аломатлари йўқ, деб топилади.

Марҳуманинг яқинлари томонидан юқори инстанциядаги ҳуқуқ-тартибот органларга тинимсиз мурожаатлардан сўнг 2018 йил сентябрь ойида эксгумация ўтказилади. Тошкентдан келган эксперт Шоҳсанам Ядгарова бошчилигида қабр очилади ва жасаддан намуналар олинади.

Шундан сўнг ишдаги янги ҳолатлар юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилиб иш судга оширилган.

Такрорий экспертиза ва тергов ҳужжатларига кўра, марҳума Гулмира Нуриддинова сувга чўкиб эмас, юборилган дори воситасидан заҳарланиб ўлгани ойдинлашади. Эксперт Ф.Аҳмедов эса жасадни дастлабки ёриб кўриш натижаларини сохталаштиргани маълум бўлди.

Г.Нуриддинованинг яқинлари шифокор Салоҳиддин Холов ва унинг оила аъзоларини 2018 йил 4 январь кунги дастлабки экспертиза чоғида врачлар тил бириктириб экспертиза хулосаларини сохталаштиришгани, марҳум «руҳий касал»га чиқарилиб, туман прокурорлари томонидан ишни «ёпди-ёпди» қилишга уринилгани, бир оиланинг мурожаатлари «копток» қилинганидан ғазабда эди.