Вазиятни ўрганиш учун борганимизда қурувчилар томонидан котлован қазиш ишлари бошлаб юборилган экан.

Аҳоли вакиллари айнан нима учун норозилигини билиш учун уларга микрофон тутдик. Улар бу жанжал 5 йилдан буён давом этаётгани, қурувчилар томонидан қурилиш ишлари мудом ноқонуний амалга оширилаётгани, болалар майдончаси ўрнидан уй қуриш мумкин эмаслиги, бу микрорайон ўз вақтида барча нарса ҳисобга олиниб барпо этилганини айтишди.

Қурилиш ишларини олиб бораётган «Нурли келажак ишонч сервис» МЧЖ вакили Бахтиёр Аҳмедов ва иш бошқарувчиси Шавкат Асламовдан ҳам вазият бўйича изоҳ олдик.

Бахтиёр Аҳмедовнинг маълум қилишича, мазкур 10 сотихча ер қурилиш ишларини олиб бораётган шахсларга бир пайтлар 110 квадрат метр майдонга эга дўконлари бузилгани эвазига товон тариқасида берилган. Бу шаҳар ҳокими қарорида ҳам ўз аксини топган.

Шавкат Асламов эса қўшни «дом»лардаги аҳолининг аксарияти қурилишдан розилиги, МЧЖ томонидан маҳалла ҳудуди асфальтланиб, ободонлаштириб берилишини айтиб ўтди.

Аҳоли вакиллари қурилиш ишлари собиқ шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов томонидан икки бор тўхтатилгани, аввалги ҳокимнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарори бекор қилинганини ҳам айтиб беришди.

Бироқ, қурилиш ишларини олиб бораётган «Нурли келажак ишонч сервис» корхонаси масъули Бахтиёр Аҳмедов суд орқали 2015 йилда қурилиш бошлашга русхат берилган шаҳарнинг аввалги ҳокими Акбар Шукуров томонидан имзоланган қарор тикланганини айтиб ўтди.

Энди бу ерда қизиқ ҳолат бор. Ўша қарор бўйича дастлабки лойиҳа-қурилиш ҳужжатлари бажарилган. Лойиҳага кўра 62-, 64-, 66- ва 68-домларга яна биттадан подъезд қуришга рухсат берилган. Барча ҳисоб-китоблар ва чизмалар шу лойиҳа бўйича қилинган.