Ҳукумат онкологик хизмат ва онкологик беморларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатишни ривожлантириш дастури, шунингдек нуклеар тиббиётни ривожлантириш концепциясини тасдиқлади.
 
Маълумот учун: нуклеар тиббиёт – бу инсон органлари функцияларининг биологик ёки патологик ўзгаришлари, бузилишларини аниқлаш учун турли радиоизотопларни қўллашга асосланган замонавий тиббиётнинг тез ривожланиб бораётган тармоғи. Аксарият ҳолларда, радиоавтив изотоплар ёрдамида инсон организмидаги ўзгаришлар радиологик тадқиқотларнинг бошқа усулларига нисбатан эртароқ аниқланади.
 
Norma’нинг ёзишича, қуйидагилар концепцияни амалга ошириш доирасида асосий йўналишлар ва вазифалар этиб белгиланди:

• онкологик касалликларга чалинган беморларга ташхис қўйиш, уларни даволаш ва ҳолатини назорат қилишнинг юқори технологик илғор усулларини, шу жумладан радиофармпрепаратлардан фойдаланган ҳолда радиотерапия, радиохирургия ҳамда радиодиагностикани амалиётга жорий қилиш; 
• бирламчи текшириш босқичида ва касалликнинг қайталаниш ёки метастазланиш хавфларини эрта аниқлаш, даволаш самарадорлигини баҳолаш учун мониторинг жараёнида хавфли ўсма пайдо бўлган беморларни текшириш сифатини ошириш;
• беморларга ташхис қўйиш, уларни даволаш ва кузатиш усулларини такомиллаштириш, онкологик касалликларга чалинган беморларнинг ногирон бўлиб қолиш ва вафот этиш кўрсаткичларини пасайтириш орқали янги пайдо бўлган хавфли ўсма аниқланган беморлар ҳаётининг давомийлиги ҳамда сифатини оширишни таъминлашга қаратилган комплекс ташкилий-амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич амалга ошириш.
 
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳудудий филиалларининг мавжуд қувватлари доирасида 20 тача ўринга мўлжалланган паллиатив тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимлари ташкил қилинади.
 
Самарқанд, Фарғона, Хоразм вилоятларида ва Тошкент шаҳрида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ташкилотларни оптималлаштириш давомида тугатиладиган тиббиёт муассасалари ёки бўлинмалари негизида 50 тадан ўринга мўлжалланган маҳаллий ҳудудлараро хоспис очилади. Тошкент шаҳридаги хоспис республикадаги ҳудудлараро хосписларга ёрдам кўрсатувчи услубий марказ этиб белгиланди.
 
Ҳудудлараро хоспислар онкологик ва юқумли бўлмаган бошқа касалликларнинг ўтказиб юборилган босқичини бошидан кечираётган беморларни стационар ҳамда амбулатория шароитида, шунингдек, уйда тиббий даволаш имконияти бўлмаганда, уларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатадиган мустақил тиббиёт муассасалари сифатида ташкил этилади.