
Тинчлик кўчасидаги чорраҳадан бозордаги автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойигача бўлган тахминан 400 метр масофадаги йўлни босиб ўтиш учун ҳайдовчилар 10 дақиқа вақт сарфламоқда.
Муаммо ҳар якшанба куни эрталаб соат 9 дан 13 гача юз беряпти. Бу вақт оралиғида бозорга келувчи одамлар, транспорт воситалари оқимининг кескин ошиб кетиши натижасида, йўлда катта тирбандлик юзага келяпти.

Йўлнинг ҳар иккала томонида тўхтаб туриш тақиқланган. Бироқ баъзи ҳайдовчилар бу қоидага амал қилишмаяпти. Натижада, автомобилларнинг қоидага зид равишда тўхтаб туриши шундоғам кенг бўлмаган йўлни янада торайтирмоқда. Бошқа ҳайдовчилар уларни айланиб ўтиши учун қоида бузиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетишга мажбур бўлмоқда. Бу эса автофалокат юзага келиш эҳтимолини оширяпти.

Йўлнинг асфальт қопламаси ҳам емирилиб кетган, чуқурчалар пайдо бўлган. Бу ҳам автотранспорт воситалари ҳаракатини янада секинлаштиряпти.

Тирбандликда вақтини беҳуда сарфлашни истамаган айрим ҳайдовчилар қоида бузиб бўлса-да йўлдан қайрилиб, орқага қайтиб кетишга мажбур бўлишмоқда.

Қайд қилиш жоизки, йўл бўйида автобусларнинг катта бекати жойлашган. Ичи йўловчиларга тўла автобусларнинг ҳайдовчилари тирбандлик пайтида йўлга чиқишга қийналмоқда. Уларнинг бекатга кириш ва чиқиш вақти ҳам чўзилиб кетяпти.

Бозорнинг автотранспорт воситалари тўхтаб туриш жойидаги аҳвол ҳам ачинарли. Ҳайдовчилар дуч келган жойларга автомашинасини қўйиб кетмоқда. Натижада бу ҳолат бошқа транспорт воситаларининг, одамларнинг ҳаракатига, кириб – чиқишига салбий таъсир қиляпти.
















